Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ортидаги 1,3 гектар ҳудудда тартибли автотураргоҳ ташкил этиш ҳамда жамоат маконини ободонлаштириш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, автотураргоҳ мавжуд ландшафтга уйғун тарзда жойлаштирилади. Бунда ҳудуд ичидаги ва унинг периметри бўйлаб жойлашган дарахтлар сақлаб қолинади. Автотураргоҳ ташкил этиш учун дарахтларни кесиш кўзда тутилмаган. Аксинча, лойиҳа доирасида ҳудудни қўшимча кўкаламзорлаштириш, 1 000 тупдан ортиқ дарахт ва буталар экиш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишлари ҳам назарда тутилмаган.
Автотураргоҳ жойларидан ташқари, техник шартларда пиёдалар ва велосипед йўлаклари, дам олиш ҳудудлари, қўшимча кўкаламзорлаштириш, болалар ва воркаут майдончалари, енгил конструкциялардан иборат спорт объектлари, санитария хоналари, видеокузатув тизими, бўш автотураргоҳ жойлари ҳақида маълумот берувчи электрон таблолар ҳамда замонавий тўлов тизимини ташкил этиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида, шунингдек, 720 метр узунликдаги янги пиёдалар йўлаги барпо этилади.
Ер участкасини электрон аукционга чиқариш режалаштирилмоқда. Объектдан 10 йил муддатга фойдаланиш ҳуқуқини қўлга киритадиган хусусий шерик белгиланган инвестиция мажбуриятларини бажариши, шунингдек, ҳудудни сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаши лозим бўлади.
Таъкидланишича, ҳудуддаги мавжуд дарахтлар ва пиёдалар учун ажратилган майдонларни сақлаб қолиш давлат-хусусий шерикликнинг мажбурий шартларидан бири бўлиб, автотураргоҳ хизматидан тушадиган маблағларнинг 20 фоизи шаҳар бюджетига йўналтирилади.
Шу билан бирга, ҳудуд ўзининг жамоат учун мўлжалланган функциясини сақлаб қолади. Махсус ва тезкор хизмат транспорт воситаларининг ҳудудга кириши бепул бўлади.
Бундан ташқари, шартнома шартларига кўра, шаҳар ҳокимияти талаби билан автотураргоҳ ҳудуди байрамлар, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирларни ўтказиш учун тақдим этилиши лозим. Ҳудуддан бундай мақсадларда фойдаланишнинг умумий муддати йилига 60 кунгача бўлиши мумкин.

















