Қирғизистонда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланиши мумкин. бу ҳақда мамлакат таълим вазири Догдуркул Кендирбаева маълум қилди.

«Биз бу масалани кўриб чиқмоқдамиз. Бизда тажриба бор. Масалан, дарсларда телефондан фойдаланишни тақиқладик», - деди у.

Вазирнинг қўшимча қилишича, бошқа мамлакатларда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланаётган ҳолатлар мавжуд.

Кендирбаеванинг фикрича, бу айниқса мактабда атиги уч соат бўлиб, қолган вақтини уйда ўтказадиган бошланғич синф ўқувчилари учун муҳим.

«Болалар ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай назоратсиз ўтирибди. Улар қандай ахборотлар олишаётганини биз билмаймиз», - деди вазир. 

Аввалроқ Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкинлигини айтганди.