Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида иш олиб борган лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини ислоҳ қилиш бўйича ишчи гуруҳнинг хулосалари Kun.uz таҳририятига тақдим этилди.

2018 йил 15 майда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов томонидан «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва янада такомиллаштириш бўйича Ҳаракатлар режаси» тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида 2018 йил 17 июль куни ўтказилган мажлис баёнининг 28-бандида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини танқидий қайта кўриб чиқиш ва унинг қўлланишини осонлаштириш, ўзбек тилининг ўзига хос хусусиятларига янада мослаштириш юзасидан таклифлар киритиш топширилди.

Ушбу масала нақадар долзарб экани ва бу борада кечиктирмасдан зарур қадамларни қўйиш шарт экани Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 13 декабрь куни бўлиб ўтган ўн еттинчи ялпи мажлисида Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев томонидан ҳам қатъий таъкидланди.

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида тузилган Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан икки йилда тўпланган таклифлар асосида ишлаб чиқилган бир неча алифбо лойиҳаларини ягона вариантга келтириш, шунингдек, юқорида қайд этилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида республика жамоатчилиги, мутахассис-олимлар, блогерлар ва ёшлар иштирокида 2018 йил 22 октябрь куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини кенг жорий этиш ва такомиллаштириш муаммолари» деб номланган илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияда давлат ва жамоат арбоблари, таниқли олимлар, ижодкорлар, турли соҳа вакиллари қатнашиб, она тилимизга оид муаммоларни ҳал этиш, жумладан, алифбони ислоҳ қилиш бўйича қизғин баҳс юритдилар. Конференция натижасида илмий таклифлар бирма-бир овозга қўйилиб, ягона фикрга келинди.

ИШЧИ ГУРУҲ ТОМОНИДАН ИШЛАБ ЧИҚИЛГАН ТАКЛИФЛАР

Алифбони такомиллаштириш зарурати

Конференция давомида алифбо ислоҳоти бўйича билдирилган хилма-хил, ҳатто бир-бирига зид таклиф-у фикрлар орасида ўзаро уйғун, ҳамоҳанг фикр-мулоҳазалар ҳам ажралиб турди. Жумладан, кўпчилик якдиллик билан: «Энг камида, алифбодаги тўртта муаммоли ҳарфни ислоҳ қилишимиз шарт, чунки улар туфайли ўқиш-ёзишга доир ва бошқа техник муаммолар, чигалликлар юзага келяпти»,