Kun.uz сайтида 2018 йил охирида кўп йиллардан буён Чиноз шаҳри аҳолисини қийнаб келаётган канализация ва ичимлик сувлари муаммоси бўйича танқидий мақола эълон қилинган эди. Мақолада бу муаммо ҳудудда истиқомат қилувчи кишиларнинг ҳаёт тарзи ва соғлигига жиддий таъсир кўрсатаётгани баён қилинганди.

 Ўшанда аҳоли вакиллари ўз шикоятларини билдиришган ва ҳокимият идорасида вазирлик, вилоят сувоқова ходимлари ҳолатни ўрганишга ваъдалар беришган эди.

 Аммо ярим йил вақт ўтгандан кейин ҳам муаммо ҳал этилмасдан қолмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси Уй-жой ва коммунал хизматлари вазирлиги Ичимлик суви билан таъминлаш ва оқова сув хизматлари масалалари бўйича вазир ўринбосари Тоҳиржон Ҳайдаров билан суҳбатимизда ҳам шу масала ҳақида эслатдик.

Видео: Youtube

Видео: Mover (tas-ix)

— Аҳоли томонидан тушган мурожаатлар сабабли ҳудудларда кўп бўламиз. Чиноздаги канализация муаммоси ҳақида сайтимизда икки марта танқидий материал эълон қилинди. Бу эски муаммонинг ечими ҳақида бирор амалий ҳаракат қилинадами?

— Бу масала бўйича хабарим бор. Чинозга шу ҳафтада вазирликнинг сувоқова хизмати, инжиниринг компанияси ва лойиҳа институтининг мутахассиси билан жойига чиқиб ўргандик. Оқова сув лойиҳасини лойиҳа институтига топшириб, экспертиза қилинса қурилишни бошлаймиз. Қурилиш ишларини бошлаш учун пудратчи билан гаплашганмиз. Менимча, шу ҳафтадан ишлар бошланади. Мустақиллик кўчасидан бошлаймиз. Ишлар бу йилга ажратилган маблағлар ҳисобидан қилинади.

Кўпқаватли уйлардан чиқиб келаётган оқова сувлар маҳалладан ўтиб кетаётганини ўз кўзимиз билан кўрдик. Чиноздаги оқова сув бир ташкилотга қараган. Ўша ташкилот тугатилганидан сўнг эгасиз қолиб кетган. Уйлардан чиқаётган тизим бор, асосий қабул қилувчи магистрал тизим тўлиб ишламай қолган. Биринчи навбатда, ўша қабул қилувчи тизимни тиклаймиз.