Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Янги таҳрирдаги «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига кўра, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.

Халқ депутатлари Кенгашлари тегишли вилоят, туман, шаҳар ҳудудида истиқомат қиладиган фуқаролар томонидан сайланади, уларнинг иродасини ифода этади ва қонунчиликка мувофиқ уни амалга ошириш учун зарур чора-тадбирларни белгилайди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокими вилоят, туман ва шаҳарнинг олий мансабдор шахси ҳисобланади ва тегишли ҳудуддаги ижроия ҳокимиятини бошқаради. Вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, ижтимоий адолат, демократизм, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш, очиқлик ва фаолиятнинг шаффофлиги, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик.

Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорлар қабул қилади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари лойиҳалари мажбурий тартибда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлган қарорлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари ёки Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради, башарти қарорларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, улар имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органининг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарори вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча давлат бошқаруви органларининг таркибий бўлинмалари, мансабдор шахслар, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.