Ўзбекистон Республикаси Президенти “Электрон ҳукумат” тизими доирасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш сифатини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. 

Ҳужжат билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг қўшимча вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

“Электрон ҳукумат” тизимини ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш доирасида лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

иқтисодиётнинг турли тармоқларида “ақлли” ва бошқа истиқболли технологияларни, шунингдек, катта ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлаш технологияларини жорий этишнинг концептуал ва услубий асосини шакллантириш;

жаҳон стандартлари талабларига мувофиқ “Электрон ҳукумат” тизимининг ривожланиш даражасини тавсифловчи статистик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва ҳисобга олиш тизимини юритиш;

тадқиқотлар ўтказиш ва иқтисодиёт тармоқларини ахборотлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг ягона технологик сиёсатини таъминлаш;

“Электрон ҳукумат” тизимининг инфратузилмасини, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталини ва давлат хизматлари кўрсатилганлиги учун тўланган давлат божлари ва йигимлар суммаси ҳисобини юритувчи Ягона биллинг тизимини, шу жумладан давлат- хусусий шериклик шартлари асосида янада ривожлантиришни таъминлаш;

лойиҳаларни амалга оширишни молиялаштиришга йўналтириладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, беғараз техник кўмаклашиш маблағлари (грантлар), халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари имтиёзли кредитларининг самарали ишлатилиши устидан мониторинг олиб боришда ваколатли органларга кўмаклашиш.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Марказ фаолияти давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, устав фондида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган барча лойиҳаларга татбиқ этилади. Бунда бошқа лойиҳалар ташаббускорлари (буюртмачилар) шартнома асосида техник топшириқ ёки тендер ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш учун мустақил равишда Марказга мурожаат қилишлари мумкин;

Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари, беғараз техник кўмаклашиш (грантлар) маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳисобидан лойиҳаларни ишлаб чиқишни, амалга оширишни ва қўллаб-қувватлашни молиялаштириш Марказ билан келишилган ҳолда амалга оширилади;