«Аталанта» ва «Интер»нинг тантанаси, «Милан»нинг кўз ёшлари – Италия чемпионатида сўнгги тур воқеалари
|19:23 / 27.05.201911 1358 мин
Дам олиш кунлари Италия чемпионатида сўнгги тур ўйинлари ўтказилди. Унинг якунига кўра Чемпионлар Лигаси ва Европа Лигасида иштирок этадиган жамоалар, шунингдек, қуйи лигага йўл олган жамоа номи маълум бўлди.
«Аталанта» ўз майдонида «Сассуоло» билан ўйнади. Мезбонлар Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш учун бу ўйинда мағлуб бўлмаслиги керак эди. Жан Пьеро Гасперини шогирдлари бу вазифани ортиғи билан бажаришди.
19-дақиқада «Сассуоло» Берарди голи эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олди. 35-дақиқада Сапата гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. Ҳал қилувчи воқеалар 1-бўлимнинг сўнгги дақиқаларида юз берди. Ҳар иккала жамоа футболчиларининг асаблари жунбушга келиб, орани очиқ қилишга тушиб кетишди. Натижада, бош ҳакам уларнинг бир нечасини огоҳлантирди, жуда ҳам «фаоллик қилган» Берардини эса қизил карта билан «сийлади».
«Аталанта» таркибдаги устунликдан унумли фойдаланиб қолди. 53-дақиқада Гомес ва 65-дақиқада Пашалич томонидан урилган голлар бергамоликларга 3:1 ҳисобидаги ғалабани келтирди.
Натижада «Аталанта» 69 очко билан учинчи ўринни эгаллади ва ўз тарихида илк маротаба Чемпионлар Лигасида ўйнайдиган бўлди. Бундан ташқари Жан Пьеро Гасперини шогирдлари 77та гол билан А Сериянинг энг ҳужумкор жамоасига айланишди.
«ИНТЕР» ЖУДА ҚИЙИН ҒАЛАБА ОРҚАЛИ ЧЕМПИОНЛАР ЛИГАСИГА ИЛИНИБ ҚОЛДИ
«Интер» ўз майдонида аутсайдерлардан бири «Эмполи»ни қабул қилди. Мезбонлар Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиши учун бу ўйинда ғалабага муҳтож, «Эмполи» эса А Серияда қолиши учун камида дуранг ўйнаши шарт эди.
Мавзуга оид
Қаторасига 4та ўйинда ғалаба қозонган «Эмполи» бу беллашувга кўтаринки кайфиятда келди. Бироқ, «нерадзурри»нинг ўз режалари бор ва улар рақибнинг мақсадига мос эмасди.
«Интер» ўйин давомида катта устунликка эга бўлди. 1-бўлимда бир неча қулай вазиятлардан фойдалана олмади. 51-дақиқада Бальде ҳисобни очишга эришди. 61-дақиқада Икарди фарқни ошириши мумкин эди, аммо унинг пенальтидан йўллаган зарбасини дарвозабон Драговски қайтара олди. 76-дақиқада эса «Эмполи» ҳисобни тенглаштирди. Жарима майдонига етказилган тўпни Траоре «Интер» дарвозасига йўллаб, «Сан-Сиро»ни карахт аҳволда қолдирди. Бу натижа «Эмполи»га А Серияда қолиш имконини берар, мезбонларни эса Чемпионлар Лигаси йўлланмасидан маҳрум қиларди. Аммо орадан 5 дақиқа ўтгач, «Интер» вазиятни ўнглади. Ҳимоячилар хатосидан фойдаланган Наингголан ўйинда ҳал қилувчи голни уриб, жамоасига ғалаба келтирди. «Эмполи» эса кейинги мавсумни В Серияда ўтказадиган бўлди.
«МИЛАН»НИНГ ҒАЛАБАСИ КЕРАКСИЗ БЎЛИБ ЧИҚДИ, ЖАМОА ЕВРОПА ЛИГАСИДА ТЎП ТЕПАДИ
«Милан» сафарда СПАЛ билан ўйнади ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Яримҳимоячи Франк Кессие беллашувда 2та гол уришга муваффақ бўлди. Аммо бу ғалаба «россонери»га асқотмади. Жамоа нафақат бу ўйинда зафар қучиши, балки «Аталанта» ва «Интер» ҳам қоқилиши керак эди. Аммо, ҳар иккала жамоа ўз ўйинида ғалаба қозонгани боис, «Милан» Чемпионлар Лигаси йўлланмасини берувчи 4-ўриндан 1 очко ортда қолган ҳолда 5-ўринни эгаллади ва келаси мавсумда Европа Лигасида ўйнайдиган бўлди.
«Сампдория» клубининг 36 ёшли ҳужумчиси Фабио Куальярелла 26та гол билан А Серия тўпурари бўлди. Қайд қилиш жоизки, у тўпларининг 9тасини пенальтидан киритган.
«Аталанта» ҳужумчиси Дуван Сапата 23та гол билан иккинчи, «Милан» ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек 22та гол билан учинчи ўринни эгаллади.
ЕВРОКУБОКЛАРНИНГ ИШТИРОКЧИЛАРИ ВА ЧЕМПИОНАТ ОМАДСИЗЛАРИ
Чемпионат якунига кўра, юқори тўртликдан жой олган «Ювентус», «Наполи», «Аталанта» ва «Интер» клублари Чемпионлар Лигасида Италия шарафини ҳимоя қилишади.
«Милан» ва «Рома», шунингдек Италия Кубогини қўлга киритган «Лацио» Европа Лигасида иштирок этишади.
«Эмполи», «Фрозиноне» ва «Кьево» В Серияга равона бўлишди.
«Брешия» ва «Лечче» А Серия йўлланмасини қўлга киритишди. Яна бир йўлланма эгаси «Читтаделла» ва «Верона» клублари ўртасидаги плей-офф ўйинларидан кейин маълум бўлади.