Спорт | 09:40 / 28.05.2019
9229
2 дақиқада ўқилади

Перес Рамос билан боғлиқ вазият бўйича изоҳ берди

Фото: Getty Images

«Реал» президенти Флорентино Перес жамоа сардори Серхио Рамос клубдаги энг кўп маош олувчи футболчи экани ва унга Хитойдан бўлаётган таклифлар ҳақида гапирди.

«Ҳозирда «Реал»нинг энг катта шартномаси Серхио Рамос билан. У — сардор, энг яхши футболчи ва у бунга муносиб. Мен Серхио Рамосни ўз ўғлимдек яхши кўраман. 

Менга айтишдики, унга Хитой клубларидан таклифлар бор экан, аммо у ердаги қоидаларга кўра улар трансфер учун маблағ тўлай олишмайди. Мен Серхиога айтдим, бунинг иложи йўқ. Сардор Мадриддан текинга кета олмайди», — дея Переснинг сўзларини келтирмоқда Mundo Deportivo.

Рамос«Реал» сафида 2005 йилдан буён тўп суриб келмоқда. Испаниялик футболчи якунланган мавсумда Ла Лиганинг 28 ўйинида майдонга тушиб, 6 гол урган (5таси пенальтидан) ва 1 голга узатма берган, шунингдек 6 марта сариқ карточка ишлаган.

Перес ва Рамос ўртасидаги илк зиддият шу йилнинг мартида, жамоа «Аякс»га енгилиб, ЕЧЛни тарк этганида келиб чиққанди. Президент ўшанда ўйиндан кейин жамоа кийим алмаштириш хонасига кириб, футболчиларга қаттиқ оҳангда гапирган, Рамосни мағлубиятда асосий айбдор қилган, футболчи эса ўшанда Переснинг клубдан ҳайдаб юбориш таҳдидига шундай жавоб берганди: «Мен билан ҳисоб-китоб қил, мен кетаман».

Охирги хабарларга кўра, Рамос Перес билан анча вақтдан буён гаплашмаяпти. 

33 ёшли футболчи «Реал» ёзда уни хизматлари эвазига текинга қўйиб юборишини истамоқда.

Рамосда Европа клубларидан ҳам, Хитойдаги клубдан ҳам таклифлар бор. Аммо «Реал» футболчисини текинга қўйиб юбормоқчи эмас ва унинг трансферидан яхшигина пул ишлаб олмоқчи.

Мавзуга оид