«Интер» ҳимояси Мадридда томоша кўрсатди, Ҳоландда ғайриоддий натижа. Кун ўйинлари
|11:0510 46914 мин
Сешанба оқшомида Чемпионлар лигаси умумий гуруҳ босқичида дастлабки олтита ўйин бўлиб ўтди.
Килиан Мбаппе голни Валверде билан нишонламоқда. Фото: Dennis Agyeman/Europa Press via Getty ImagesКилиан Мбаппе голни Валверде билан нишонламоқда. Фото: Dennis Agyeman/Europa Press via Getty Images
«Интер» футболчилари «Бернабеу»да том маънода довдирашди ва жамоа ўйини рақиб прессинги остида сочилиб кетди. 14-дақиқада Кертис Жонс жарима майдони яқинида тўпни олдирди, Браим Диас эса вазиятдан фойдаланиб, дарҳол унинг ортида бўш турган Килиан Мбаппени тўп билан таъминлади. Француз ҳужумчиси эса бундай имкониятни қўлдан бой бермайди.
Миланликлар 23-дақиқада ҳам яна бир гол совға қилишди: дарвозабон Жозеп Мартинес негадир финт ишлатишга қарор қилди, ундан тўпни олиб қўйган Феде Валверде эса ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Миланликлар 77-дақиқада битта гол билан жавоб қайтаришди: Карлос Аугусто Лаутаро Мартинес қанотдан оширган тўпни Куртуа қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди. Аммо «Реал»га биринчи бўлимда урилган голлар ғалаба учун етарли бўлди.
Бу оқшом 27 ёшли Килиан Мбаппе ЕЧЛ тарихидаги энг яхши тўпурарлар бешлигига киришга улгурди. Ушбу француз 99 ўйинда 71 гол урган – у шунча голни 142 ўйинда урган Раулга етиб олди. Кейинги мақсад – «Реал»нинг яна бир афсонаси, 90 голга эга Карим Бенземага етиб олиш.
«Интер» эса шу куни мавсумда илк бор очко йўқотди. Бунгача жамоа А Серияда уч ўйиндан иборат ғалабали серия қайд этаётганди.
Жозе Моуринио «Интер»га қарши ўйинлардаги статистикасини яхшилади. Бунгача у «Рома» бош мураббийи сифатида ушбу собиқ жамоасига қарши олти ўйинда беш марта ютқазган, бир марта дуранг ўйнаганди.
Мавзуга оид
«Реал» кейинги турда ҳам А Серия вакилига қарши ўйнайди – Жозе Моуринионинг яна бир собиқ жамоаси «Рома»га қарши сафарда. «Интер» эса ўз уйида «Брюгге»ни қабул қилади.
«Порту» ўз уйида исталган рақибнинг ҳаётини қийинлаштира олади ва «аждарлар» илк дақиқаларданоқ «Манчестер Сити» ҳимоясини ҳам тезкор ҳужумлари билан синовдан ўтказа бошлади. Шу билан бирга, ўз дарвозаси қаршисида ҳам хавфли вазиятларга йўл қўйди. Аввалига Фоден тўпни Ҳоланднинг бошига етказиб берди ва Диогу Кошта тўсин остига кириб кетаётган тўпни тўсиб қолди. Кейин эса ушбу дарвозабон Фоденнинг жарима майдони ташқарисидан йўллаган хавфли зарбасини бартараф этди. Бўлим давомида бир ҳужумнинг ўзида Ҳоланд ва Шеркининг зарбаларини ҳам қайтарди.
Энцо Мареска жамоасига бу ҳужумларда омад етишмади, аммо бўлим охирида инглизларнинг ҳам омади келди: меҳмонлар сон жиҳатдан озчилик бўлиб қолиши мумкин эди, аммо ўйин бош ҳаками рақибининг бошига очиқчасига тирсак билан зарба берган Гейига сариқ карточка ҳам кўрсатмади.
Иккинчи бўлим эса Кошта таслим бўлиши билан бошланди. Шерки майдон ташқарисига чиқиб кетаётган тўпни олиб қолди ва уни Фернандесга етказди, Энцо эса тўпни Ҳоланднинг бошига етказиб берди ва ҳисоб очилди.
«Порту» иккинчи бўлим давомида ҳисобни тенглаштиришга яқин келганди. Ҳимоячилар Доннаруммага ноқулай пас беришганди, аммо унинг бахтига Гомеснинг зарбасидан кейин тўп устун ёнидан ўтиб кетди.
Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда Эрлинг дублни расмийлаштириб, асосий еврокубокдаги 59 учрашувда 59 гол урган ҳолда, ақлбовар қилмас натижа қайд этди. Бундан ташқари, норвегиялик ҳужумчи Томас Мюллерни ортда қолдирган ҳолда, турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида еттинчи ўринга кўтарилди. Ўйин янада йирик ҳисобда якунланиши мумкин эди, аммо португалияликлар посбони сейв ижро этишда давом этди (жами 8 та сейв) ва унинг қаҳрамонликлари гуруҳ босқичи якунида, тўплар нисбати ҳисобланаётганда «Порту»га қўл келиши мумкин.
«Сити» кейинги турда «Этиҳад»да «ПСЖ»га қарши суперматч ўтказади, «Порту» эса «Бетис» меҳмони бўлади.
Бу мавсум стартида «Боруссия»нинг омади келмаяпти: дортмундликлар бир ярим ҳафта ичида ёзда жами 56 млн евро сарфлаб сотиб олинган икки футболчиси жиддий жароҳат олди. Бундеслиганинг биринчи турида Константелиас хочсимон боғламлари узилиши туфайли сафдан чиққанди, сешанба оқшомидаги ўйиннинг биринчи бўлими ўрталарида эса грециялик бошқа бир истеъдодли футболчи Карецас майдонни замбилда тарк этди. Қолаверса, у дарвозабон Кобелга ҳам тиббий ёрдам кўрсатишга тўғри келди, аммо у майдонда қолди.
Биринчи бўлимдаги ягона хавфли вазият «асаларилар»да бўлди. Аммо Гирасси Байернинг олис устун томон йўллаган узатмасига етиб бора олмади. Иккинчи бўлим эса Нванерининг зарбаси устунга бориши билан бошланди, мезбонлар ҳужумкор ўйнашда давом этишди ва Байернинг қанотдан узатмаси Ренату Вейганинг автоголига сабаб бўлди. Аммо ўтказиб юборилган гол испанларни уйғотди. Меҳмонлар кетма-кет ҳужумлар уюштиришди, аввалига Олувасейи ва Пепе хавфли зарбалар йўллади, Сантияго Моуринио эса барибир ҳисобни тенглаштирди.
Аммо шундан кейин шу куни «Боруссия» сафида 100-учрашувини ўтказаётган Гирасси катта майдонга чиқди. У Фабиу Силванинг пасидан бўш дарвозани ишғол этиш билан бошлади. Кейин эса ўзи ишлаган пеналтини аниқ ижро этиб, орадаги фарқни оширди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқалар эса драматик тарзда кечди. Аввалига Гирасси ўйиндаги учинчи голини урди, аммо бу сафар ўз жамоаси дарвозасига. Ўйин якунланиши арафасида Вейга автогол учун айбини ювиши мумкин эди, аммо португалиялик ҳимоячи қулай вазиятдан фойдалана олмади ва мезбонлар ғалабани сақлаб қолишди.
Кейинги турда «Боруссия» шимолга, «Будё-Глимт» майдонига сафар қилади, «Вилярреал» уйда «Наполи» билан ўйнайди.
Баҳорда «Астон Вилла» сенсацион равишда 1/8 финалга чиққан «Брюгге»ни осонлик билан ортда қолдирганди (3:1, 3:0). Бу сафар таркиби янгиланган ҳолда Белгияга ташриф буюрган бирмингҳэмликлар янги мавсумдаги илк ғалабасига эришди ва тўртинчи учрашувга келиб голлар ҳисобини очишди. Марказий ҳимоячи Пау Торрес тўпни жарима майдонига қадар олиб борди ва Макгинни голли пас билан таъминлади. Энди шотландиялик яримҳимоячи 12 гол билан «Вилла»нинг еврокубоклардаги энг яхши тўпурарига айланди.
Унаи Эмери муваффақиятни ривожлантириб, ҳисобни йириклаштириб қўйиши мумкин эди. Аммо аввалига Ян Зоммер Ҳеммингснинг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтарди. Инглизларнинг кетма-кет ҳужумларидан омон чиққан «Брюгге» ҳам ҳужумга ўтди ва Виржили Ветлесенни голли пас билан таъминлади. Аммо мезбонларнинг қувончи узоққа чўзилмади – ҳисоб тенглашганидан уч дақиқа ўтганида Жоао Гомес ҳимоячини алдаб ўтиб, Буэндияни голли пас билан таъминлади.
Кейин эса Зоммер асабийлаша бошлади. Биринчи ҳолатда у ҳужум бошлашга шошилиб, тўпни рақибга олдирди ва хавфли масофада жарима зарбаси белгиланди. Кейинги эпизодда эса у ҳимоячиларни суғурталаш учун жарима майдонини ташлаб чиқди, тўпга биринчи бўлиб етиб келган Жексон эса бўш дарвозани ишғол этиб, амалда ўйин тақдирини ҳал қилди – 1:3.
Иккинчи бўлимда Ван-Биссака жарима майдони ичида тўпни қўли билан ўйнади ва Тресолди 11 метрдан аниқ зарба бериб, ҳисобни қисқартирди. Аммо ўйиннинг қолган қисмида «Вилла» ғалабали ҳисобни ушлаб қолди.
Кейинги турда «Вилла» «Фенербаҳче»ни қабул қилади, белгияликлар «Интер» меҳмони бўлади.
Лиллдаги ўйин умумий гуруҳ босқичидаги энг ёш ва энг тажрибали мураббийларнинг дуэлига айланди – 37 ёшли Давиде Анчелотти 72 ёшли Мануэл Пеллегринига қарши. Меҳмонлар аввалига ҳимояланишга мажбур бўлишди, аммо барибир гол ўтказиб юборишди. Французлар жамоаси ёзги трансферлар ойнасининг сўнгги кунида «Фейеноорд»дан сотиб олган Уэда Итан Мбаппенинг ажойиб узатмасини голга айлантирди. Япониялик ҳужумчи бу вазиятда дарвозабон ҳудудида туриб тўпга шунчаки боши билан тегиниб қўйиши етарли эди. Килианнинг укаси учун бу ЕЧЛдаги илк голли пас бўлди.
Шундан кейин «Бетис» ҳам фаоллашди ва бурчак тўпи ишланди. Пабло Форналс тўпни ҳаволатиб жарима майдонига оширди, Бартра боши билан тўпни дарвозага қадаб қўйди. Бу севиляликлар жамоасининг ЕЧЛда 20 йил-у 311 кундан буён урган илк голига айланди.
Уч дақиқа ўтиб мезбонлар ҳам бурчак тўпидан унумли фойдаланишди. Перрен тўпни Александро ташлаб берди, у эса тўпни олис тўққизлик томон йўналтирди – 2:1.
Иккинчи бўлим бошида эса Бартра дубл муаллифига айланди. У бу сафар Иско жарима зарбасидан оширган тўпни бош билан мезбонлар дарвозасига йўллади. Бир неча дақиқа ўтиб эса Пэрротт меҳмонларни олдинга олиб чиқди – 2:3.
Уч дақиқа ўтиб Мбаппе ўйин антиқаҳрамонига айланди. Испанлар футболчиси Натан унинг олдидан ўтаётиб, елкасига қоқиб қўйди, Итан эса унинг юзига тирсак билан зарба берди. VAR замонида эса бундай ҳаракат аҳмоқлик, бу ҳаракат амалда ўйин тақдирини ҳал қилди – мезбонлар озчилик бўлиб қолгач, ҳисобни тенглаштириш учун ҳам куч топа олмади.
«Лилл»ни кейинги турда «Арсенал»га қарши қийин сафар кутмоқда, «Бетис» «Порту»ни қабул қилади.
Греклар клуби саккиз йилдан буён ЕЧЛ асосий босқичида қатнашмаётганди. Жамоага Марко Николич таклиф этилиши эса барчасини ўзгартирди. У аввалига АЕКни Конференциялар лигаси чоракфиналига олиб чиққанди, энди эса асосий еврокубокни ғалаба билан бошлади. Австрия чемпиони ва турнир дебютанти ҳисобланган ЛАСК греклар билан зарбалар алмашинувига киришди (зарбалар сони мезбонлар фойдасига 18:11). Лекин бу зарбалардан фақат биттаси голга айланди – 21-дақиқада АЕК яримҳимоячиси Марин томонидан жарима зарбаси орқали урилган гол ягоналигини сақлаб қолди.
Иккинчи бўлим ўрталарида «Реал» ва «Милан»нинг собиқ ҳужумчиси Йович меҳмонлар дарвозасини яна бир бор ишғол этганди. Аммо бу ҳужум вақтида Майер офсайдга кириб қолгани туфайли гол бекор қилинди. Ўйин охирида Калайжич ҳисобни тенглаштиришга яқин эди, аммо у бўш дарвоза қаршисида туриб бош билан йўллаган зарбадан кейин тўп тўсин юқорисидан ўтиб кетди.
АЕК кейинги турни Лондонда «Шахтёр» билан ўтказади ва стартдаги икки турда 6 очко жамғариш учун яхши имкониятга эга. ЛАСК эса уйда «Ливерпул» билан ўйнайди.