Жамият | 14:02 / 30.05.2019
9305
3 дақиқада ўқилади

2019/2020 ўқув йилида янги тиббий таълим йўналишлари очилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон миллий матбуот марказида «Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири» мавзусидаги навбатдаги матбуот анжуманини ўтказди. Унда президентнинг 2019 йил 6 майдаги «Тиббиёт ва фармацевтика таълими ва илм-фани тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори тиббий таълим тизимини янги босқичга кўтариш, соҳада ечимини кутаётган устувор вазифаларни ижро этишда муҳим ҳуқуқий асос бўлгани қайд этиб ўтилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлим хабарига кўра, ушбу ҳужжат билан тиббиёт олий таълим муассасаларида 2019/2020 ўқув йилидан клиник психология, биотиббиёт муҳандислиги, дори воситаларини стандартлаш, сертификатлаш ва сифат менежменти каби бир қатор янги таълим йуналишлар очилади. Шунингдек, эндиликда тиббиёт коллежларида ҳам ўқитиш муддатлари 3 йилдан 2 йилга қисқартирилиб, фельдшер-лаборатория иши, фельдшерлик иши ва тиббий-ижтимоий иши каби янги таълим йўналишларида малакали ўрта тиббиёт кадрлар тайёрланади.

«2019/2020 ўқув йилидан бошлаб республикамизнинг тиббиёт олий таълим муассасасалари ва филиалларида Россия, Германия, Корея Республикаси, Туркия, Ҳиндистон каби хорижий давлатларнинг 20дан ортиқ бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари бўйича қўшма дастур асосида халқаро факультетлар ва янги  ўқув йилидан Россиянинг Н.И. Приогова номидаги Россия тиббиёт университети филиалини ташкил этиш режалаштирилган. Бундан ташқари, Акфа университети ҳамда Ажу университетлари ҳам ташкил этилди.

Яна бир эътиборли томони, жорий йил давоми 500 нафардан ортиқ мутахассисларимизни чет элга малака оширишга юбориш ва 400 нафардан ортиқ хорижлик мутахассислар томонидан юртимизда маҳорат дарслари ва операциялар ташкил этиш бўйича ишлар олиб бориляпти. Сўнгги бир ярим йил ичида тиббиёт олий таълим муассасалари ва ихтисослаштирилган марказларда ташкил этилган 10та илмий кенгашда 173 киши ўз ишини ҳимоя қилди, шундан 107 нафари тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва 66 нафари тиббиёт фанлари доктори (Dsc) бўлди.

Бундан ташқари, 2019 – 2022 йилларда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ва тиббиёт олий таълим муассасаларида босқичма-босқич ўқув-симуляцион марказлар ташкил этиш ҳамда 2020 йилдан бошлаб, ҳар йили тиббиёт олий таълим муассасалари талабалари ва тиббиёт коллежларининг ўқувчилари орасида клиник фанлар бўйича Ибн Сино номидаги халқаро тиббиёт олимпиадалари, шунингдек, ёш олимлар орасида Ибн Сино номидаги халқаро илмий танловлар ўтказилиши ёшлар учун катта имконият бўлди», дейилади хабарда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид