30 май куни «Спорт ТВ» каналида эфирга узатилган «Спорт клуби» кўрсатувида Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси ходимлари Санъат Шарипов ва Диёр Имомхўжаев, журналистлар Мирзаҳаким Тўхтамирзаев ва Шаҳбоз Беғамов ўртасида ўзига хос дебат бўлиб ўтди. Бу йиғилишга асосий сабаблардан бири сифатида Мирзаҳаким Тўхтамирзаевнинг сал аввалроқ, футболимиз мутасаддиларини танқид қилиб чиқарилган, интернет тармоқларида машҳур бўлган видеомурожаати сабаб бўлди дейиш мумкин.

Журналистлар ЎФА, ПФЛ бошқаруви ва асосан терма жамоа атрофидаги воқеалар ва натижалар ҳақида ўз эътирозларини билдиришган бўлишса, ЎФА ходимлари табиий равишда, ташкилотни ҳимоя қилишга ҳаракат қилишди. Яъни бу сафар ўша мурожаат жонли тарзда, диалог кўринишида юзага келди.

Мирзаҳаким аканинг Суперлига форматидаги ўзгаришлар, регламентга амал қилинмаслиги ҳақидаги эътирозларига қўшиламан. Қизиғи, бу саволлар барибир жавобсиз қолди. Бу майли. Суҳбатнинг кўп ва қизиқроқ қисми эса, терма жамоа, унинг мураббийи, Осиё кубогидаги ўйинлар ва унинг таҳлилига бағишланди.

Дастурни кўринг, бошдан охиригача ҳикоя қилиб бериш ниятим йўқ, жуда қизиқ бўлган. Терма жамоа ва унинг БААдаги иштироки ҳақида ҳам ўз фикримни билдириш ниятим йўқ – бу ҳақида жуда кўп марта айтдим, ёздим. Бу кўрсатувда эътиборимни тортган бошқа жиҳат ҳақида ёзмоқчиман.

Журналистларнинг терма жамоага бўлган эътирозлари қуйидагича янгради:

— Осиё кубогидан олдин, Купер келгунча бир йил терма жамоамиз деярли мураббийсиз қолди.

— Австралиядаги йиғин керак эмасди, ноўрин ташкил қилинди.

— Осиё Кубоги олдидан ўртоқлик ўйини ташкил қилинмади.

— Купер жамоаси ишончли ўйин кўрсата олмади, Австралиядан ўта олмадик.

— Мураббийлар штаби Денисов, Бикмаев, Шомуродов масаласида, умуман таркиб танлашда адашгани исботланди.

— Пенальтилар сериясига штаб муносиб тайёргарлик кўрмагани билиниб қолди, буни 15 йил олдин нуқтадан адашган Бикмаевнинг серияда қатнашганидан билиш мумкин.

Ва ҳоказо..

Баъзи саволлар ростданам, бевосита ЎФАнинг терма жамоалар бўлимига, бевосита студияда қатнашган маслаҳатчиларга йўналтирилгани тўғри. Жавоблар ҳам берилди. Масалан, бир йиллик танаффуснинг сабаби сифатида мураббийларнинг мундиалдан бўшашлари кутилгани келтирилди. Австралиядаги йиғин Жанубий Корея билан ўйнаш учун имконият эди ва мураббийнинг ўзи буни хоҳлади. Ўртоқлик ўйинига келсак, буни ҳам бош мураббий рад этди, акс ҳолда ташкил қилиниши мумкин эди ва ҳоказо.