Tribuna.uz сайти Ўзбекистон футбол ассоциацияси собиқ ходими, халқаро спорт ҳуқуқшуноси ва футбол агенти Санъат Шарипов билан жонли мулоқот ўтказди. ЎФА собиқ ходими суҳбат давомида Ўзбекистон миллий жамоасининг муваффақиятсизлиги сабаблари, Эктор Куперни миллий жамоадан кимлар кетказгани, Вадим Абрамовнинг хатолари, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов ва бошқалар ҳақида фикрларини билдириб, бунгача айтилмаган гапларни очиқлади. Kun.uz интервьюнинг асосий қисмларини келтиради.

Фаластиндан учралган мағлубият режалаштирилганмиди?

Санъат Шариповнинг фикрича, 2019 йилда миллий жамоа ўйинчилари аргентиналик бош мураббий Эктор Куперни кетказиш учун Фаластинга атайин ютқазиб беришган.

- Умид Аҳмаджонов бошқарувидаги раҳбарият Эктор Куперга жамоани ёшартириш, авлодлар алмашинувини амалга ошириш, қария футболчилардан воз кечишни таклиф қилган. Аммо мураббий тажрибали футболчилар унга кераклигини, уларсиз ўйин қура олмаслигини айтган ва бунга рози бўлмаган. Афсуски, якунда айнан ўша футболчилар Фаластинга (0:2) қарши ўйинда Купернинг ортидан пичоқ уришди.

Фаластин билан баҳсда ютқазиш олдиндан режалаштирилганди. Ҳатто шундай гапларни эшитганманки, жамоа Фаластинга учиб кетишидан аввал Абрамовга тайёр бўлиб туриши, тез орада Купер ўрнини эгаллаши ҳақида айтилган.

Футболни тушунадиган мухлислар Фаластин урган голларни яхшилаб кўриб чиқишса, менинг фикримга қўшилишади. Туҳмат — ёмон нарса. Лекин қанчалик инкор этилмасин, атайлаб ютқазиб берилгани борасидаги фикрим ўзгармайди. Купернинг ёнини оляпти, деб ўйлашмасин. Мен унинг Ўзбекистонга келишини ОАВдан ўқиганман ва ундан 3 ой олдин ишдан кетганман.

Купернинг услуби тўғри келмади, унинг ғоялари эскирган дейишди. Лекин нега ўрнига ундан-да кучлироқ мутахассис олиб келинмади?

«Жасур Жалолиддинов – Абрамов ва Белоус қурбони бўлди». Ёш футболчиларимизнинг алданиб қолаётгани ҳақида

Ўзбекистонлик футбол агенти Жасур Жалолиддиновнинг Россия клубида ўйнаб кета олмагани ҳақида ҳам гапирди.

- Жасур Жалолиддиновнинг трансфер ишидан хабарим бор. У Вадим Абрамов ва Юрий Белоуснинг қурбонига айланди. Футбол агенти ва мураббий ёш болани тангага алмаштиришди, деса бўлади. Улар ёш боланинг ортидан мўмайгина даромад топишди, аммо унинг тақдири, ўйнай олиши ҳақида ўйлашмади. Россияда ўз ҳолига ташлаб қўйишди. Шу воқеаларни кўриб, кўнглим оғрийди. Ёш боланинг ортидан бунча пул ишлаш ва бунақа ҳолатда ташлаб қўйиш – энг паст иш. Афсуски, оддий одамларимизни мана шундай чув туширишмоқда. Белоус қўл остида Москвада ишлаганман. Шу боис унинг қандай айёр одам эканлиги менга маълум.