Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 24 май куни илм-фан намояндалари билан бўлган учрашувда билдирган фикрлари юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ректори, Ўзбекистон Республикаси Фан арбоби Ғофуржон Муҳамедов ўз муносабатини билдирди. Унинг мақоласи Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги сайтида эълон қилинди, қуйида мақола матни тўлиқ ҳолда келтирилади.

Олий таълим бугунги кун талабларига жавоб беряптими? Нима учун илм-фан ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиб бериши керак бўлган олий таълим муассасалари ўз вазифаларини етарли даражада бажара олишмаяпти? Кимлар ёки нима бунга халақит беряпти? Соҳадаги муаммоларни ҳал қилишнинг ечими қандай? Биз олий таълим туб ислоҳотини нимадан бошлашимиз керак ва ундан кўзланган асосий мақсад нима бўлиши керак? Ўзбекистон Республикаси Президентининг илм-фан намояндалари, Олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда иқтидорли талабалар билан бўлган мулоқоти айнан ушбу принципиал масалаларни очиқ-ошкор ўртага ташлаш ва ечимларнинг умумий контурларини белгилашга бағишланди.

Бугунги кунда бир нарса ойдинлашиб қолди: нафақат “косметик”, ҳатто унча-мунча жиддий саналадиган “жорий таъмирлаш” билан ҳам олий таълим, жумладан, олий педагогик таълимни ислоҳ қилиб бўлмайди. Олий таълимнинг бош ғоясини, айтиш мумкинки, фалсафасини ўзгартириш керак. Олий таълимга ёндашувни, ундан кўзланган мақсадларни тубдан ўзгартириш, ёндашувни мақсад билан уйғунлаштириш керак. Бунинг эса, бизнингча, икки асосий устувор йўналиши бор: ички ва ташқи интеграцияга эришиш.

Ички интеграция – ҳам олий таълим муассасалариаро, ҳам соҳалар кесимида, ҳам соҳада фаолият юритувчи олим ва мутахассислар ўртасида узвий, узлуксиз, доимий алоқадорликни таъминлаш, бир жойда бўлаётган ўзгариш ва янгиликлар билан бошқа жойда фаолият юритаётган мутахассисларни тезкор хабардор қилиш ва эришилган илмий натижанинг кенг миқёсдаги апробациясини амалга оширишдир. Ташқи интеграция эса ўз қобиғимизда ўралашиб қолмасдан ҳар бир фан йўналиши, саноат соҳаси бўйича ривожланган мамлакатлардаги аҳволни яқиндан билиш, фикр алмашиш ва шу йўл билан қадамларимизни ривожланган дунё билан ростлашдир. Ҳар икки соҳада ҳам камчиликларимиз талай эканлиги бугунги кунда аён бўлиб қолди.

Ҳозирги дунё илм-фани ва таълимининг ривожланишини кузатадиган бўлсак, унинг тор ихтисослик томонга йўналганлигини кўришимиз мумкин, яъни ҳозирги ривожланиш ва рақобатга дош бериш учун, юзаки қараганда ҳар томонлама билимга эгадек кўринадиган, аслида эса ҳар соҳадан бир шингил биладиган чаласаводлар эмас, бир соҳани жуда чуқур биладиган, шу соҳага жавоб бера оладиган, соҳадаги муаммолар билан беш бармоқдай таниш тор соҳа мутахассиси керак.