Жорий йилда олий таълимга кириш учун 600 мингдан ортиқ абитуриент ҳужжат топширди. Уларнинг қарийб учдан бир қисми талаба бўлишга муваффақ бўлди. Аммо университетни тамомлаган ёшнинг кейинги тақдири — қачон иш топгани, қанча даромад олаётгани, кейин қанча вақт ишлаётгани ёки ўқишини давом эттиргани ҳам таълим натижасининг бир қисми сифатида қаралмоқда. Шу сабабдан ҳам ушбу жараённи рақамлар орқали баҳолаш учун «Битирувчи сифати индекси» жорий этилди.

«Битирувчи сифати индекси» нимани кўрсатади?

Университетлар сони ва талабалар сонининг кескин ошиши абитуриентлар олдида танлов масаласини ҳам кучайтирди. Қайси ОТМни танлаш кераклиги, у ерда ўқиган битирувчининг кейинги натижаси қандай бўлиши ҳақида объектив маълумотга эҳтиёж пайдо бўлди. Миллий таълим сифатини таъминлаш агентлиги директори Бахтиёр Йўлдошевнинг айтишича, индекснинг асосий мақсадларидан бири айнан талаба ва ота-оналарга университет танлашда инсон омилидан холи маълумот беришдир.

“Университетлар жуда кўп. Демак, таклиф кўпайганда талабаларимиз ёки уларнинг ота-оналари: ‘Энди мен қайси университетни танлашим керак? Қайси олий таълим даргоҳини танлашим керакки, мен ёки фарзандим эртага битиргандан кейин муваффақият қила оламан?’ деган саволни қўя бошлади. Шунда биз кўрдикки, холис, ҳеч қандай инсон омили аралашмаган, объектив маълумот берувчи платформага эҳтиёж пайдо бўлди. Шунинг учун ҳам «Битирувчи сифати индекси» энг биринчи навбатда талабаларимиз ва уларнинг ота-оналари учун холис маълумот беради. Яъни қайси университетнинг асосий талабалари муваффақиятлироқ, қайси университетда ўртача даражада, қайси университетда нисбатан пастроқ — шуни кўрсатадиган холис маълумот берувчи платформа ҳисобланади. Бу йилги «Битирувчи сифати индекси»нинг республика миқёсидаги балли 50 дан ошган бўлса, кейинги йил қандай ўзгаради — ошадими, камаядими? Олий ўқув юртлари миқёсида ҳам худди шундай. Масалан, мен олийгоҳ раҳбари, ректори бўлсам, бу йил нима ишлар қилдикки, олийгоҳимизнинг кейинги йилги индекси ошди, деган саволга жавоб олишим мумкин. Бу ҳам бир йиллик фаолиятимизни холис баҳолаб берувчи инструментга айланади”, — дейди агентлик директори.

Дипломдан кейинги биринчи қадам: битирувчи ишни қанча вақтда топяпти?

Индекснинг асосий кўрсаткичларидан бири — битирувчининг ишга жойлашиш тезлиги. Мутахассисларнинг таъкидлашича, айрим олий таълим муассасаларида бу муддат ўртача 2–4 ой атрофида экани қайд этилган. Бунда фақат ишга киришнинг ўзи эмас, бандлик барқарорлиги ҳам ҳисобга олинади. Яъни битирувчининг бирор жойда қисқа муддат ишлагани эмас, кузатув даврида мунтазам меҳнат фаолиятини давом эттиргани ҳам баҳоланади.