Жаҳон | 07:44 / 31.05.2019
14485
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони Эрон билан урушишга йўл қўймасликка ваъда берди

Фото: AP

Яқин Шарқ мамлакатлари айни дамда жуда мураккаб онларни бошдан кечирмоқда ва Эрон қатъият кўрсатиши лозим бўлади, деб ҳисоблайди Ар-Риёддагилар.

Саудия Арабистони эса ҳар қандай йўл билан Яқин Шарқда уруш келиб чиқишининг олдини олишга ҳаракат қилади. Бу ҳақда 30 май, пайшанба куни Саудиянинг ташқи ишлар бўйича давлат вазири Абдуллоҳ ал-Жубайр Макка шаҳрида Араб давлатлари Лигаси (АДЛ) шафелигида бўлиб ўтаётган Форс кўрфазидаги вазият бўйича шошилинч саммитда маълум қилди, деб хабар бермоқда Deutsche Welle.

«Уруш минтақадаги барча учун зиён бўлади, шу сабабли ҳар қандай йўл билан ундан қочиш ҳаракатидамиз», – деган ал-Жубайр.

Унинг фикрича, минтақа давлатлари айни пайтда мураккаб даврни бошдан кечирмоқда. Давлат вазири Эрон агар вазиятни юмшатишни истаса, ўзини қўлга олиши керак, деб ҳисоблайди.

АДЛ маълумотларига кўра, Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши вакиллари БАА соҳиллари яқинида танкерларга ҳужумни, шунингдек, шиаларнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракатига аъзо ҳусийчи қўзғолончиларнинг Ар-Риёддан унча узоқда бўлмаган, давлатга тегишли Saudi Aramco нефть қазиб олувчи компаниянинг нефть қувурларига учувчисиз учар аппаратлар ёрдамида берилган зарбаларни ҳам муҳокама қилишади.

Гарчи Эроннинг бу воқеаларга алоқаси йўқлиги ҳақидаги баёнотларига қарамасдан, Саудия Арабистони мудофаа вазирлиги ҳусийчилар нефть қувурига айнан Теҳроннинг кўрсатмаси билан ҳужум уюштирилган, деган фикрни илгари сурмоқда.

Расмий Ар-Риёд бу ҳужумлар жаҳон нефть бозорларининг таъминот йўналишлари ва барқарорига жиддий путур етказиши ҳақида огоҳлантирган. Давлат вазири Одил ал-Жубайр 26 май куни Ар-Риёдда ўтказилган матбуот анжуманида шундай деган: «Агар нариги тараф уруш бошласа, қироллик ўзини ва ўз манфаатларини кескин ва қатъий ҳимоя қилади».

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид