Ўзбекистон | 10:54 / 01.06.2019
8064
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон темир йўллари»нинг вазифа ва ваколатларини Транспорт вазирлигига ўтказиш юзасидан ҳукумат қарори нега қабул қилинмаяпти?

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг жорий йил биринчи чорагида амалга оширган ишлари тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати хабарига кўра, аҳолининг узоғини яқин қилиш мақсадида жорий йилда 107 та янги йўловчи ташиш автомобиль йўналишини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ҳисобот даврида республика бўйича жами 10 та янги автобус йўналиши очилган. 

Таъкидланишича, 2019 йилда йўл қурилиш объектларида лойиҳалаш ва йўл-қурилишини назорат қилиш усулларини такомиллаштириш орқали қоида бузиш ҳолатлари 30 фоизгача камайтирилади. 

Қайд этилганидек, жорий йилда автомобиль йўлларини реконструкция қилиш бўйича 83 та лойиҳа-смета ҳужжати ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.  2019 йилда 120 та йўл-қурилиш, таъмирлаш техникалари, автотранспорт воситалари ва машина-механизмларини етказиб бериш учун “JV MAN Auto-Uzbekistan”, “Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи”, “UzXCMG” ва “Самавто” қўшма корхоналари билан 100 млрд. сўмлик шартномалар тузилди. Ҳозирда ушбу 120 та техникадан 11 таси етказилди, қолган 109 таси июнь-октябрь ойларида белгиланган жадвал асосида берилиши режалаштирилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан Транспорт вазирлиги фаолияти самарадорлиги ҳамда белгиланган айрим вазифаларнинг ижроси тўлиқ таъминланмагани қайд этилди. Жаҳон банкининг (Logistic performance Index) логистика самарадорлиги Индекси методологиясига мувофиқ республика транспорт-логистика комплекси ҳолатини баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича 2019–2020 йилларга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганига қарамасдан белгиланган муддатда тасдиқланмаган ҳамда ҳар бир баҳолаш мезонларини ўрганиш вазифаси бажарилмаган. 

Шу билан бирга, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг тартибга солиш функциялари, вазифалари ва ваколатларини Транспорт вазирлигига ўтказиш юзасидан ҳукумат қарори қабул қилинмаган, дейилади хабарда.

Мавзуга оид