Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 7 июнь куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштиришни жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
«Маълумки, давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон ва вилоятларга ташрифлари чоғида қатор корхоналар ишга туширилган, яна кўпларининг тақдимотлари ўтказилган эди. Бундан ташқари, ҳозирда Бош вазир ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, саноати нисбатан ортда қолаётган ҳудудлар бўйича қўшимча саноат лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда. Бу лойиҳаларни инфратузилма қувватлари мавжуд объектлар ва майдонларга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда шу борада амалга оширилаётган ишлар Андижон вилояти мисолида таҳлил қилинди.
Мазкур вилоятда саноат диверсификация қилинмагани, ишлаб чиқариш фақат икки тармоқ – автомобилсозлик ва тўқимачиликка боғланиб қолгани кўрсатиб ўтилди. Ҳудудий саноатда банд бўлганларнинг қарийб 60 фоизи, ишлаб чиқариш ҳажмининг 83 фоизи ушбу тармоқларга тўғри келади. Бўз, Булоқбоши, Избоскан, Қўрғонтепа, Марҳамат, Пахтаобод, Жалақудуқ, Балиқчи, Улуғнор туманларида саноат яхши ривожланмаган.
Аҳоли зич яшайдиган, ҳар қарич ер олтинга тенг бўлган вилоятда 98та давлат объектида зарур инфратузилмага эга 90 гектар майдон ва 163 минг квадрат метр бино бўш турибди. Президентимизнинг бундай бино ва ерлардан самарали фойдаланиб, кўпроқ иш ўрни яратадиган корхоналар ташкил этиш, туманларда саноатни диверсификация қилишга оид топшириғига мувофиқ, Андижон вилоятида 2022 йилгача амалга ошириладиган 236та янги лойиҳа ишлаб чиқилди.
Улар, аввалги лойиҳалар билан қўшиб ҳисоблаганда, яқин уч йилда қарийб 41 мингта доимий иш жойи ташкил этиш ҳамда 1 миллиард 87 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш имконини беради. Вилоят саноати диверсификация қилиниб, ишлаб чиқариш ҳажми қурилиш материаллари тармоғида 4 баробар, электротехника, чарм-пойабзал ва кимё соҳаларида 2,1 баробар, озиқ-овқат саноатида 3 баробар кўпаяди. Туманлар миқёсида олганда, уларнинг саноат салоҳияти анча ошиб, ўзаро тафовути камаяди.

Давлат раҳбари Фарғона водийсида саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш учун инвестиция фонди тузилишини таъкидлади. Ушбу фонд фоизли кредитлар ажратмайди, балки лойиҳада ўз маблағлари билан бизнес ҳамкор сифатида иштирок этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бу саъй-ҳаракатлар Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларининг ҳар бирида 10 мингта янги иш ўрни яратиш имконини беради.














