Инсон бирор ишга қаттиқ бел боғлаб киришса, охири мақсадига етар экан. Бизга мурожаат қилаётган фарғоналик тўрт фарзанднинг онаси ҳам кунига тўрт-беш бор қўнғироқ қилиб, Қўқон шевасида «Келмасаларинг бўмайди. Баллар қийналяпти», деб туриб олгани боис Ўзбекистон тумани томон йўл олдик.

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани, «Қоратепа» МФЙдаги «Дашт» қишлоғидаги ҳолатни ачинарли дейиш бироз камлик қилади. Бундан 11 йил олдин ҳудудга турли жойлардан одамлар уй солиш учун кўчиб кела бошлаган. Ҳозир 50 хонадондан иборат бутун бошли катта маҳалла пайдо бўлибди. Ҳар оилада уч-тўрт нафардан бола.

Бироқ йиллар давомида ҳокимият ва маҳалла фуқаролар йиғини бу маҳаллага зиғирча ёрдам, кўмак беришни ўйламаган ҳам экан. Том маънода - «унутилган маҳалла».

Замирахон Нурматованинг арзини тинглаймиз.

«Дастурга тушди», деган гапни кўп эшитамиз. Лекин бизнинг маҳалла ҳеч қачон, ҳеч нарсадан ана шу дастурга тушмаган, қачон рўйхатга тушиши ҳам ноаниқ.

Кўчиб чиққанимиздан бери, аҳоли йиғилиб, ўзимиз бир ярим миллион сўмдан пул тўплаб газ тортдик, ўзимиз 3 километрдан электр тармоғини фалон пулга олиб келдик. Йўлга пул йиғдик. Айтаверсам, ҳокимият вакиллари бирор марта ҳолимиздан хабар олмаган экан.

Электр масаласи алоҳида дард. Мана шу қўлимдаги бир даста аризалар уч йил давомида туман ва вилоят электр корхоналарига ёзганларим. 2017 йили биринчи марта мурожаат қилган бўлсам. Шу пайтгача, 10 марта ёзиб, 10та жавоб олибман. Муаммо шундаки, маҳалламиз кўчасидаги симёғочлар қўлбола бўлиб, уларни аҳоли турли ёғочлардан ясаб олган. Ўта хавфли, электр линиясидаги симлар минг узилган, минг улоқ. Ток қуввати пастлиги сабаб болалар китоб ўқий олмаслиги, қўлбола «столба»лардаги симлар тинмай узилиб тушаётгани сабаб, болаларнинг хавфсизлигидан хавотирдамиз.