Ўзбекистон туманида ЙПХ ходими машина уриб кетиши оқибатида ҳалок бўлди. Kun.uz’нинг икки манбаси ҳолатни тасдиқлади.
Маълум бўлишича, ЙТҲ 31 июл куни тунда содир бўлган. 30 ёшли шахс Spark машинасида 1994 йилда туғилган ЙПХ ходими Ҳ.К.ни уриб кетган. Бу пайтда ходим ўз хизмат вазифасини бажараётган бўлган.
Ҳодиса гувоҳлари Spark ҳайдовчиси маст бўлганини, у тўхташ ишорасига бўйсунмасдан қочганини айтмоқда.
“Марҳумнинг 2 нафар фарзанди отасиз қолди. У ўзи оилада 4 қиздан кейинги ёлғиз ўғил эди. Вилоят ва тумандан ИИБ ходимлари келиб, жанозада қатнашишди, марҳум қоидабузарни тутишда мардларча ҳалок бўлганини, унинг фарзандлари доимий давлат ҳимоясига олинишини айтишди. Афсус, спиртли ичимлик таъсирида машина рулига ўтириш бир оилага мана шундай мусибатни олиб келди”, дейди марҳумнинг маҳалладошларидан бири Kun.uz билан суҳбатда.
ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев Kun.uz сўровига жавобан “муносабат 10 дақиқада вилоят ЙҲХБнинг расмий каналида эълон қилинишини, бошқарма бошлиғининг рухсатисиз ҳатто унга ҳам маълумот беришмаслигини” маълум қилди. Аммо орадан 2 кун ўтганига қарамай, ҳозирча ҳодиса юзасидан расмий маълумот берилмади.











