Сарлавҳадаги муаммо мамлакат миқёсида долзарблик касб этгани ҳеч кимга сир эмас. ОАВда «хит» даражасига етган айрим ҳокимларнинг ўзига хос чиқишлари, кундалик фаолият давомида катта-кичик бўғиндаги раҳбарларнинг кўпчиликка ҳам овоза бўлмаган муомала маданияти халқ орасида ижро ҳокимияти ҳақида салбий таассуротлар қолдирмоқда. Аксарият ҳолларда юқори доираларнинг бундай ҳолларга муносабати таъсирчан бўлмаяпти. Ислоҳотларнинг шиддатли даврида ижро ҳокимияти вакилларига керагидан ортиқча юклама юкланаётганини ҳам тан олишимиз керак. Ижро учун туширилаётган турли қарор, фармон ва буйруқларнинг муддатлари шу қадар қисқаки, Ўзбекистонда сутка 24 соатдан кўпроқми деб ўйлаб қоласан. Меҳнат қонунчилигидаги иш вақтларига амал қилиш ҳақида-ку ўйлангани ҳам йўқ шекилли. Қизиғи, қисқа муддатларда ижро рисоладагидек бўлмаслигини барча билади. Лекин ижро бўлиши шарт, камида қоғозда бу акс эттирилишини таъминлаш талаб этилади. Шундай босим остида ишлаётган хизматчиларнинг асаби дош бермаслиги ҳам табиийдек. Лекин бу омиллар юқорида айтганимиз қусурларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмаслиги керак. Аксинча, турли даражадаги ижрочи раҳбарлар юқоридаги раҳбарига реал вазиятни очиқ-ойдин тушунтириб, ижро учун ҳаққоний муддатлар сўрашни ҳам ўрганишлари керак. «Бошлиқ ҳамма нарсани билади» деган нотўғри тасаввурдан аллақачон воз кечишимиз зарур. «Кадрлар ҳамма нарсани ҳал қилади» деган гап турли даврларда ўз исботини топган, ҳозирги давримиз учун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмади. Кадрлар муаммосини бундай иш услуби билан ҳал қила олмаслигимиз ҳам аниқ. Турли соҳаларни бошқаришга салоҳияти етувчи юртдошларимиз етарли, лекин улар айнан шундай босим остида ишлашни хоҳлашмаяпти. Таклифни, танқидни тўғри қабул қилувчи юқори даражадаги мансабдорлар уларга эркин, ижодий, ташаббус билан ишлаш муҳитини ярата олмаяпти. Чет эллик юртдошларимизнинг халқаро тажрибаларидан фойдаланиш ҳақида кўп гапирдик, лекин уларга етарли шароит яратиш деганда фақатгина муносиб ойлик маош тайинлашни тушунмаслигимиз керак. Юртга қайтаётганларда моддий манфаат биринчи ўринда эмас, улар ўз иш услублари, ислоҳотларни амалга оширишдаги ўз фикрларини амалиётга эркин татбиқ этишни хоҳлашмоқда. Шу билан бирга, нормал ҳаёт тарзидан ҳам батамом узилиб қолиш ниятлари йўқ. Мамлакат ичидаги муносиб кадрларда ҳам шундай ўй-фикрлар бор. «Чидасанг шу, бўлмаса катта кўча!» қабилидаги муносабат билан барча соҳаларни нотўғри йўлларга солиб юборилиш эҳтимоли катта.
Меҳнат қонунчилигида кўрсатилган иш вақтларига амал қилиб ислоҳотларни амалга оширишнинг иложи йўқми? Яхшилаб ўйланса, бунинг йўлини топса бўлади, албатта. Бунинг учун сиёсий ирода талаб этилади. Президент Шавкат Мирзиёев «давлат хизматчилари дам олиш кунларини оила даврасида ўтказсин», деб алоҳида таъкидлаганига қарамасдан аҳвол яхшилангани йўқ. Сабаби юқорида айтиб ўтганимиз номутаносиб ижро муддатлари.
Кичик бўғиндаги раҳбарлар билан суҳбатлашганда юқори бўғиндаги раҳбарлар босимига қўшимча халқнинг турли даражадаги порталлар, халқ қабулхоналари орқали тушаётган ариза, шикоятлари ортидан келувчи босимидан ҳам нолишади. Бу ариза, шикоятларга қонуний асосда жавоб бериш учун анча вақт йўқотишаётганидан ёзғиришади. Аксарият ҳолларда уларни қондиришнинг қонуний йўли йўқлигидан (асосий сабаб молиявий ресурслар етишмаслиги), «ашаддий шикоятчилар»дан қутулиш учун муаммоларни «нуқтали» ҳал қилишаётганини айтишади. Аслида порталлар, қабулхоналар муаммоларнинг илдизи, кўламини аниқлаб, уларга тизимли ечимлар топиш учун очилганини унутишган кўринади. Ўтган 3 йил давомида тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, йўл хариталар ишлаб чиқилаётгандек, лекин натижа кўпчилик, жумладан, Президент кутганчалик эмас.















