Ходимлар муваффақиятли фаолият юритиши учун нима қилиш керак? Раҳбарнинг ҳаётий куч-қуввати, шижоати компания муваффақиятига қанчалик таъсир қилиши ҳақида Forbes'да қизиқарли маълумотлар тақдим этилди.

Ҳаётий энергия коэффициенти (VQ) нима?

Бутун дунёдаги ҳам давлат, ҳам хусусий сектордаги раҳбарлар ҳали-ҳануз уларнинг муваффақияти асоси - юқори IQ деб ҳисоблашади. Улар фикрлаш, таҳлил қилиш ва ҳисоб-китобсиз муваффақиятли фаолият юритиш қийин деб ўйлашади. Бироқ бундайлар қаттиқ адашишади!

Ишончимиз комилки, ақлли инсон ҳар доим ҳам яхши етакчи бўла олмайди. IQ даражаси юқори бўлган кишиларда кўпинча муҳим бир хусусият бўлмайди — эмпатияга мойиллик, ҳамдардлик. Улар атрофдагиларга сабрсиз муносабатда бўлишади, бошқалар билан назарга илмай гаплашишади ва уларнинг ўзидек тез фикрлай олмайдиган суҳбатдошларига беписанд қарашади, бундай кишилар билан мулоқот қилишга қийналишади.

Бундай "эмоционал интеллект" етишмовчилиги нимага олиб келишини эса яхши биламиз. Даставвал ажойиб режалар ва стратегиялар, кейин эса — уларни амалга оширишдаги қийинчиликлар, бунга ижрочиларни жалб қилиш ва уларга мотивация бериш даражасининг пастлиги сабаб бўлади. Бу ўз-ўзидан яхши эмас, лекин раҳбарлар кўпинча муваффақиятнинг яна бир асосий омили — VQ'ни назардан қочиришади.

VQ — ҳаётий энергия коэффициенти ёки бошқача айтганда, раҳбарларнинг ўзига ва атрофдагиларга куч-қувват бағишлаш хусусияти. Етакчилик асосида ўзгаришларни амалга оширишга мойиллик хусусияти ётади, аммо ҳатто минимал энергия етишмаса ҳам, бунга эришишнинг иложи йўқ. Ишонч билан таъкидлаш мумкинки, раҳбарга муваффақиятли фаолият учун VQ даражаси IQ ва "эмоционал интеллект"дан-да каттароқ аҳамиятга эга.

Ушбу мақолада ҳаётий энергия коэффициенти (VQ) билан белгиланувчи ва етакчиликка оид беш асосий жиҳат ҳақида сўз юритилади.

Нима учун раҳбар юқори VQ'га эга бўлиши керак?

VQ — бу ҳаракатга келтирувчи куч, мотор, инсон ҳаёти рағбатлантирувчиси. Одамларнинг ўзи ўзига хос лойиҳа — ишчанлик хусусиятини имкон қадар узоқроқ сақлаб қолишга ҳамда қўйилган вазифаларни максимал даражада самарали бажаришга уринувчи ҳаётий функциялар тизими. Ушбу лойиҳа асосида ният, мақсад — яшаш истаги ётади. VQ қанча юқори бўлса, биз шунча шиддат билан ривожланишга, рўй бераётган воқеаларни жисмоний, интеллектуал ва ҳатто эмоционал нуқтаи назардан назорат қилишни истаймиз. VQ даражаси юқори бўлган одамлар у ёки бу усуллар ёрдамида ўз ҳаётини яхшилашга ҳаракат қилади ва шунинг учун ҳам атрофдагиларга таъсир ўтказа олади.