Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 26 июнь куни ҳудудларда саноатни ривожлантириш, бўш турган бино ва ерларда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Аввал хабар берилганидек, 7 июнь куни бўлиб ўтган йиғилишда шу борадаги ишлар Андижон вилояти мисолида таҳлил қилинган эди. Бу гал Тошкент вилоятидаги мавжуд салоҳият ва ундан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

Тошкент вилояти хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун энг қулай ҳудуд. Барча шаҳар ва туманларда етарли электр энергияси захираси мавжуд. Асосий истеъмол бозорларига маҳсулот етказиб берадиган йўл инфратузилмаси ҳам яхши ривожланган.

Лекин вилоятда аҳоли жон бошига истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми республика бўйича ўртача кўрсаткичдан 2-3 баробар кам. Вилоят саноатида ҳудудий корхоналар улуши атиги 15 фоизни ташкил этади. Бўка, Оққўрғон, Оҳангарон, Паркент, Пискент, Қуйи Чирчиқ каби туманларда саноат анчайин орқада қолган.

Жорий ой бошида давлатимиз раҳбарининг Тошкент вилоятига ташрифи давомида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган 40 триллион 300 миллиард сўмлик 800га яқин лойиҳадан иборат дастур ишлаб чиқилган эди. Шундан 300дан зиёди саноат соҳасидадир.

Шунингдек, бу борада резервлар кўплигидан келиб чиқиб, Ҳудудлар саноатини комплекс ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан яна 310та қўшимча лойиҳа шакллантирилди.

Йиғилишда мазкур саноат лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, июнь ойи бошида тасдиқланган Дастур билан биргаликда вилоятда 2019-2022 йилларда умумий қиймати қарийб 51 триллион сўм бўлган 636та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. 

Ушбу лойиҳалар доирасида 4,2 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш орқали саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2, аҳоли даромадларини 2,1 баробар ошириш кўзда тутилган. Бу 51 мингдан ортиқ доимий иш жойи ташкил этиш имконини беради. 

Йиғилишда ҳар бир лойиҳа тармоқлар, шаҳар ва туманлар, тижорат банклари кесимида кўриб чиқилди. Мутасаддиларга ушбу саноат лойиҳалари бўйича режа жадвалларини тасдиқлаб, уларни ўз муддатида ишга тушириш бўйича топшириқлар берилди.