Кодекс қайси жиҳатлари билан аҳамиятли? Унда қандай янгиликлар кўзда тутилган? Парламентга сайловлар арафасида мазкур кодекснинг қабул қилиниши қандай маънога эга?

Ягона қонун – ягона тартиб

Мазкур Кодекс Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

Шу пайтгача мамлакатимизда сайлов тўғрисида кўплаб ҳужжатлар амал қилиб келмоқда эди. Сайлов йилида ушбу ҳужжатларга мурожаат қилиниши ва уларнинг амалда қўлланиши айниқса кўпайиши ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ турли даражадаги 20 дан ортиқ қонун ҳужжатларини амалда қўллашда мураккабликлар юзага келиши мумкин. Масалан, ушбу қонун ҳужжатларида деярли бир хил нарсалар ёзилган. Аммо ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш керак бўлса, ҳар бирига киритиб чиқиш лозим бўларди. Бу эса кўп вақт ва бошқа ресурсларни талаб қилади.

«Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун ва у билан тасдиқланаётган Кодекс орқали мамлакатимизда амалда бўлган сайлов тўғрисидаги 26 та қонун ҳужжатлари қамраб олиняпти. Яъни шунча ҳужжат бекор қилиниб, ўрнига ушбу ягона Кодекс амалга киритилмоқда.

Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати

Кодексда назарда тутилган муҳим янгилик, инновация дейиш ҳам мумкин, сайловчиларнинг электрон рўйхатидир. Эндиликда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилади ва сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Маълум бўлишича, Марказий сайлов комиссияси мутахассислари сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини яратиш устида анчадан бери иш олиб бормоқдалар. Хусусан, уйма-уй юриб, сайловчилар рўйхатга олинган ва ҳар бир сайловчи турар жой кадастр рақамига бириктирилган.

Бундан мақсад «бир сайловчи – бир овоз» принципини тўлиқ ва бехато амалга оширишдан иборат. Масалан, бирор сайловчи яшаш жойи ўзгарса, доимий рўйхатдан вақтинчалик рўйхатга ўтса, бу сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида ўз аксини топади. Бу сайловчининг фақат бир жойда бир марта овоз беришини таъминлайди.

Шу билан бирга ушбу электрон тизим орқали сайловчиларга ҳам қатор қулайликлар яратилади. Масалан, сайловчи Марказий сайлов комиссияси сайтига кириб паспорт рақамини киритиш орқали ўзининг қайси сайлов участкасига мансуб эканлигини ва сайлов участкаси жойлашган манзилни аниқлаши мумкин.

Кодексда участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг жиҳозланишига оид талаблар ўз аксини топди.