Тадбиркорлик – йўқотиш ва топишдан иборат соҳа. Мазкур фаолиятнинг иссиқ-совуғига чидай олган, йўлидан чекинмаган ва соҳага қандайдир янгилик олиб кира олган инсон албатта муваффақиятга эришади.

Kun.uz сайти тадбиркорлик йўналишида маълум муваффақиятларга эришиб келаётган тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг фаолияти ва муваффақият сирларини ўрганиш ва шу орқали ўз фаолиятини йўлга қўйиш ниятида турган ёшлар учун керакли маълумотларни етказиш мақсадида «Қадам-бақадам» лойиҳасини йўлга қўйди.

Мазкур лойиҳа  Alibazar, Europol компаниялари ва «Омадли хонадон» телелойиҳаси асосчиси Алишер Авазов билан ҳамкорликда ташкил қилинди.

Тадбиркор билан бизнес бошлаш, кичик компанияларнинг рақобат муҳитида яшаб қолиши, монополия, шунингдек, ёш тадбиркорлар учун керак бўладиган бошқа тавсиялар ҳақида суҳбатлашдик.

- Алишер ака суҳбатимиз аввалида Alibazar, Europol компаниялари, шунингдек, «Омадли хонадон» телелойиҳаси ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

- Europol бу – қурилиш маҳсулотлари билан шуғулланувчи компания ҳисобланади. У бундан ўн беш йил аввал ташкил қилинган. Компаниянинг асосий фаолият йўналиши пол қопламаларини мижозларга етказиб бериш ҳисобланади.

Ҳозирги вақтда Europol соҳадаги тахминан ўн бешта чет эл компаниясининг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланади.

Europol барча турдаги қурилиш материалларини чет элдан ўз савдо дўконларига олиб келади ва мижозларга етказиб беради.

Alibazar эса ҳали нисбатан ёш компания, фаолият бошлаганига энди бир ярим йил бўлди.

Мен 2015 йил малака ошириш мақсадида Америка Қўшма Штатларига бордим. У ерда малака ошириш вақтида вақтдан унумли фойдаланиб, ғоя қидиришни бошладим. АҚШ ва Ўзбекистон бозорларини ўрганган ҳолда, мамлакатимизда қурилиш моллари сотадиган онлайн-дўкон яратиш ғояси 2016 йилда келган. Шу йўналишда ишлашни ўзимга мўлжал қилиб олдим. Ва муддат келгач, айнан шу соҳада, шу йўналишда фаолият юритувчи компанияларга ишга кирдим. Мақсад улардан иш ўрганиб, таълим олиш эди.