Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида таниқли заргар Аҳмад Алиев ишини кассация инстанциясида кўриш жараёни бошланди. Бу ҳақда Kun.uz’га Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати вакили Азиз Обидов хабар қилди.
Аҳмад Алиев (1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати – озарбойжон, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус) жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2009 йил 4 майдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) 3-қисми, 189-моддаси (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) 3-қисми, 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а”, “б”, “в” бандлари, 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а”, “б” бандлари, 228-1-моддаси (давлат проба тамғаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 57 (енгилроқ жазо тайинлаш), 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) моддалари тартибида 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 12 520 000 сўм жарима жазоси тайинланган. Жарима жазоси 2009 йил 25 июлда тўлиқ тўланиб, 2 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосидан 2011 йил 14 майда озод бўлган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2012 йил 9 августдаги ҳукмига кўра, А. Алиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг
110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “в” банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 3-қисми, 25-модда (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 2-қисми “в”, “г” бандлари, 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а”, “в” бандлари, 232-моддаси (суд ҳужжатини ижро этмаслик) 2-қисми, 241-модддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисми, 242-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) 2-қисми, 245-моддаси (шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари, 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 45 (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш), 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш), 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 3 йил муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2015 йил 31 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2012 йил 9 августдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят судлов ҳайъатининг 2017 йил 7 сентябрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2012 йил 9 августдаги ҳукми ҳамда шу суд кассация инстанциясининг 2015 йил 31 декабрдаги ажрими ўзгартирилиб, А. Алиевнинг айбловидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-модда (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 2-қисми “в”, “г” бандлари, 164-моддаси (босқинчилик) 4-қисми “а”, “в” бандлари, 232-моддаси (суд ҳужжатини ижро этмаслик) 2-қисми, 241-модддаси (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) 1-қисми, 242-моддаси (жиноий уюшма ташкил этиш) 2-қисми билан эълон қилинган айбловлар чиқариб ташланган. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) 2-қисми “в” банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 3-қисми, 245-моддаси (шахсни гаров сифатида тутқунликка олиш) 2-қисми “б”, “в” бандлари, 248-моддаси (қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш) 2-қисми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида 17 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.






