Спорт | 13:45 / 03.07.2019
8477
3 дақиқада ўқилади

Андижонга қирғизистонлик таниқли футбол ҳаками ва ёш футболчилардан иборат делегация келди

Андижон вилояти футбол ассоциацияси таклифи асосида ўзбек футбол ҳаками Равшан Эрматов билан жаҳон миқёсидаги футбол баҳсларини бошқарган Баҳодир Қўчқоров бошчилигидаги Қирғизистоннинг Ўш шаҳри футбол академияси мураббийлари, ёш футболчилар ва журналистлардан иборат делегация Андижонга келди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Меҳмонлар Шўрбулоқ даҳасида жойлашган футбол академиясида бўлиб, масканда мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Академия тарбияланувчилари мунтазам равишда республика ва халқаро мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. 

Бўстон массивида жойлашган футбол мактабида меҳмонларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда қўшни давлат делегацияси вакилларига вилоят футбол ассоциацияси,  “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгашининг махсус совғалари, ҳар бир ёш  футболчига ўзбек дўпписи совға қилинди.   

Андижон ва Ўш ёш футболчилари ўртасида ўртоқлик ўйини қизғин баҳсларга бой бўлди. 

Шундан сўнг икки қўшни давлат вилоятлари футбол мутасаддилари ўзаро дўстона ҳамкорликни тизимли равишда олиб бориш бўйича шартномалар имзолаб, оммавий ахборот воситалари билан матбуот анжумани ўтказдилар.

Андижон вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов узоқ асрлардан бери қўни-қўшничилик анъаналарини спорт орқали давом этиши ҳақида гапирди.

Ўз ўрнида Қирғизистон вакили Баҳодир Қўчқоров мана шундай дўстона учрашувларни кўпроқ ташкил этиш нафақат ёш футболчиларни, балки икки давлат ўртасидаги ҳамдўстликни янада кучайтиришини айтиб ўтди. Таниқли ҳакам Ўшда ҳакамлар тайёрлаш мактабини ишга туширганлиги ва унда андижонлик футбол ҳакамлари ўқиб-ўрганишлари учун барча шароитлар яратиб берилишини билдирди.

“Меҳмон футбол мутахассисларини биздан, бизни эса улардан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.  Уларни Андижон вилояти 2 табақа мусобақаларида ҳар бир туман ва шаҳардан жами 22та жамоа қатнашаётгани, жамоаларнинг ташкил этиш жараёни катта  қизиқиш уйғотди. Вилоятнинг Суперлигада қатнашаётган “Андижон” клубидан ташқари, Про-лигада футбол академиясининг “Андижон 2” ва “Раш-Милк” жамоаларида ёш футболчиларга берилаётган эътибор билан ҳам яқиндан танишишди. Қардош, қўшни вилоят футболчилари билан келажакда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишиб олдик”, – дейди Андижон вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Бекзодбек Каримов.

Мавзуга оид