Тадбиркор, Korzinka.uz тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистонда импорт қилинадиган маҳсулотларга янги тариф тўсиқлари жорий қилиниши ва  протекционизм бўйича ўз фикрларини билдирди.

«Мени тадбиркор сифатида бозор жадалроқ, ижодкорона ва ақл билан ишлашни талаб қилиши биланоқ доимо давлатнинг этагига осилиб олган тадбиркор ҳамкасбларимнинг боқимандалик кайфияти ҳайрон қолдиради. Улар доимо давлатдан ўзларини  ҳимоя қилишни сўрашади. Ва ҳатто буни анъанавий равишда жоҳиллик ва чекланган ҳолда амалга оширишади: ўзларига имтиёз, рақобатчилар учун эса тўсиқлар сўрашади», - дейди тадбиркор.

Ҳошимовнинг фикрича, тадбиркорлик биринчи навбатда рақобатга асосланади. Рақобатни чеклаш тадбиркорликни чеклаш демакдир. Бозорнинг 25 йил тўсиқ ҳолда бўлишидан сўнг яна 2-3 йиллик протекционизм ҳақида гапириш ё жаҳолат ёки айёрликдир.

«Роппа-роса бир йил аввал, 2018 йил 29 июнда президент божхона либераллашуви тўғрисидаги фармонга имзо чекиб мамлакат ва унинг иқтисодиёти жаҳон бозорига интеграциялашуви учун муҳим танловни амалга оширди. Бу бозорда мамлакатлар ўзларининг мутлақ ва қиёсий устунликларини билади, уларга эга бўлади ва ривожлантиради, шу тарзда глобал меҳнат тақсимоти, ишлаб чиқариш ва савдонинг халқаро занжирида самарали иштирок этади, иқтисодиётга оқилона ва мунтазам ўсиш бағишлайди, мамлакатни бой қилади ва ўз аҳолиси фаровонлигини оширади», - дея қайд этди у.

Тадбиркор кимларнингдир тахмини эмас, объектив маълумотлар ва белгиларга асосланган ҳолдагина тадбиркорларнинг кучли томонларини очиб бериш ва иқтисодиёт барпо этиш мумкинлигини билдирди.

«Англаш лозимки, бу тўсиқларни қайтадан тиклаб ва илгари эълон қилинган тамойиллардан узоқлашиб, биз бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи бозорга жуда ёмон сигнал берамиз. Кенг тарқалаётган нео-протекционизмга асосланиб, кўплаб тадбиркорлар ҳеч қачон рақобатбардош ва кучли томонимиз бўлмайдиган ишлаб чиқариш ва соҳаларга ўз маблағларини йўналтира бошлашади. Улар муҳим ва танқис бўлган молия, малакали кадрлар, энергия ва ниҳоят вақтларини кераксиз йўналишга сарфлашади ва эртами-кечми воз кечишга тўғри келади ва бир неча йилдан сўнг ҳаммасини бошқатдан бошлаш керак бўлади», - таъкидлади у.

Унинг фикрига кўра, буни амалга ошириш йилдан-йилга қийинлашиб боради: ҳимоя ва васийга эга бўлган корхоналар ва ишлаб чиқариш соҳалари ўсиб боради, кредитлар ўсиб боради, бу вақт мобайнида кредитларга сотиб олинган ускуналар эскиради. Ва энг оғриқлиси ҳамда ўзгартириш деярли имконсиз бўлган нарса - бу рақобатбардош устунлик нуқтаи назаридан истиқболсиз бўлган бу корхоналарда бу вақтда ўн ёки юз минглаб кишилар ишлаётган бўлади. Ўшанда уларга нима бўлади?  Улар ҳақида ҳозир ким ўйлайди? Саноат сиёсатида мана шундай сунъий мослашувчанлик ва селектив ёндашиш хавфини ким ҳисобга олади?