Чет элда юрганингизда бир-биридан ўзар осмонўпар бинолар ўзига мафтун қилганми? Дубай, Сингапур, Токио, Сеул каби шаҳарларда кўп қаватли иншоотларни кўрганингизда, «Қани энди юртимизда ҳам мана шундай бинолар кўпайса», деб орзу қилганмисиз? Орзулар ушаладиган вақт етиб келди: Эндиликда «Tashkent City» Халқаро ишбилармонлик маркази (ХИМ) ҳудудида 50 қаватдан иборат янги, замонавий осмонўпар бино барпо этилади.

2019 йил 15 августдан сўнг Ўзбекистонда қад ростлайдиган янги баланд иншоотнинг расмий номи ва у ҳақидаги батафсил маълумотлар оммага эълон қилинади. Унга қадар эса мамлакатимизнинг етакчи, инновацион қурилиш компанияларидан бири – «Murad Buildings» ҳамда Туркиянинг «Özgüven» компаниялари 5 июлда ташкил этилган матбуот анжуманида лойиҳа ҳақидаги бошланғич янгиликларни маълум қилишди.

Қайд этиш жоизки, мазкур бино «Tashkent City» ХИМнинг энг йирик лойиҳаларидан бири саналади. 215 метрдан ортиқроқ баландликка эга осмонўпар бино, яъни 4-лот иншоотини барпо этиш ишлари «Murad Buildings» ҳамда Туркиянинг «Özgüven» қурувчилик компаниялари томонидан амалга оширилади. Маълум бўлишича, мазкур объект бир ярим гектар ҳудудни ўз ичига қамраб олади.

Лойиҳанинг дастлабки тақдимоти ажойиб таассуротларга бой бўлди. «Murad Buildings» компанияси раҳбари Мурод Назаров ва «Özgüven» бошқарув кенгаши раиси Озгур Озгувен матбуот анжуманида 4-лотнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтишди. Сўнгра барча йиғилганларга баланд иншоот лойиҳасининг фотосуратлари ҳамда махсус ролик намойиш этилди.

Маълум бўлишича, лойиҳа устида 500 дан ортиқ мутахассислар тинимсиз иш олиб борган. Шак-шубҳасиз, қурилиш ишлари якунига етгач, у ўзига хос архитектура ечимларини ўзида мужассам этган мамлакатдаги илк осмонўпар бино, Ўрта Осиёда эса энг баланд биноларнинг бирига айланишига умид билдирилмоқда.