Андижон вилояти Марҳамат тумани марказида кўп қаватли уй атрофидаги болалар майдончаси ва автотураргоҳ ўрнида дўконлар, савдо расталари ва кафелар қурилиб кетган. Уйига кириш йўлаги – кийим дўкони мижозларининг кийиниш хонасига айлантирилган. “Уйимизга кириб-чиқишда йўлагимизда кийим алмаштираётган аёлларга дуч келамиз”, дейди мурожаатчилардан бири.
Kun.uz'га Марҳамат тумани Мустақиллик кўчасида қурилган 4 қаватли уйда яшовчилардан мурожаат келиб тушди.
Уларнинг сўзларига кўра, уй атрофида муқаддам болалар майдончаси ва автотураргоҳ бўлган, кейинчалик Шуҳрат Ғаниев исмли тадбиркор болалар майдончаси ва автотураргоҳ ўрнида тижорий объектлар қуриб, одамларга ижарага бериб юборган.
“Кўп қаватли уйда яшовчиларга етарли шароит йўқ. Уйингиз ёнига на бир машинангизни қўя оласиз, на болаларингиз кўчага чиқиб ўйнай олади. Автоуловларни 100-150 метр узоққа қўйиб келамиз. Ҳатто уйга кирадиган йўлакларимизгача кийим дўкони бўлиб кетган. Йўлакда аёллар кийиниб-ечинади. Чиқиб кетаётганингизда биттаси яланғоч турган бўлади, қайтиб тушсангиз ҳам биттаси кийинаётган бўлади. Ноқулай вазиятлар кўп бўлади.

Тадбиркорга: “Ҳеч бўлмаса “подъезд”ни тинч қўй, уйга бемалол кириб-чиқайлик, турмуш ўртоғимиз, ўғилларимиз кириб-чиқяпти” десангиз, “Мен бу ерни ижарага берганман, ижара пулини олиб “подъезд”ни ремонт қиламан” дея баҳона қилади. Ана шундай ҳолатлардан безган қўшниларнинг кўпи уйини сотувга қўйди, лекин уй атрофидаги ҳолатлар сабаб харидор чиқмаяпти.
Автотураргоҳимизни, болалар майдончасини жойига қайтариб беришсин. Кириш йўлларини очиб қўйишсин, машинамизда бемалол уйимиз ёнигача кирайлик”, дейди Дониёр Одилов исмли мурожаатчи.

“150 одамни иш билан таъминлаганман”
Тадбиркор Шуҳрат Ғаниев Kun.uz билан суҳбатда “ҳаммаси қонуний қилингани”ни айтди.
“2007 йилдан бери тадбиркорлик билан шуғулланиб келяпман. Туман марказида 33 сотих еримиз бор. Шундан 3-6 сотихига “дом” қурганмиз. “Дом”нинг олдида майдончамиз бор, тахминан 700-800 квадрат. Бу ерда камида 150 нафар одам иш билан таъминланган. Кафемиз бор, ошхона, телефон дўконлар – ҳаммаси қонуний қилинган, тегишли ташкилотлар рўйхатидан ўтган, рухсатларни олиб қилганмиз.

Кўп қаватли уйнинг иккита “подъезди” бор, унинг ёнидаги икки ошхонани “дом”дагиларнинг ўзи ижарага қўйган. Нима учун? Канализация тизимининг бузилиши, уни таъмирлатиш, сув, газ – хуллас “дом”даги бўладиган харажатлар ҳарна чиқиб турсин деб ижара қўйилган”, дейди у.
“Ноқонуний бўлса, бир кунда буздираман”
Марҳамат тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Дилхуш Исмоилов кўп қаватли уй атрофида қурилган бино ва иншоотлар ноқонуний равишда бунёд этилган бўлса, буздириб юборишини айтди.
“Бу уй мен ишга келишимдан олдин қурилган, менинг фаолият давримда қурилмаган. Архитектор, кадастрлар билан ҳужжатларини бир кўтариб кўрамиз. Ноқонуний эгалланган бўлса, қонунда белгиланган тартибда чора кўрамиз. Агар болалар майдончаси ёки автотураргоҳ ўрнига ноқонуний қурилиш қилинган бўлса, бир кунда буздираман”, – деди Исмоилов.














