Навбатдаги Копа Америка ҳам ўз ниҳоясига етди. Мессининг жанжали, Челавертнинг танқидлари, Дани Алвешнинг «оққуш қўшиғи» ва бир қатор қизиқарли воқеалар билан ёдда қолган турнирни камида бир ой эслаб юрсак керак. Россиялик машҳур шарҳловчи Станислав Минин soccer365.ru сайтида ушбу турнир ҳақидаги энг муҳим саволларга ўз жавоб вариантларини тақдим этди.
Ҳаммаси сотиб олинганмиди?
Аслида ҳаммасини мураккаблаштириш шарт эмас. Доимо ҳакамлар мезбонларга «ёрдам беришган», бундан ташқари, Лотин Америкаси ҳакамлари VAR тизимидан фойдаланишни билишмайди. Бразилия – Аргентина ўйини изоҳи ҳам мана шунда, қандайдир коррупциянинг ҳиди йўқлигини Мессига тушунтириб қўйиш керак. Агар ҳаммаси олдиндан уюштирилган спектакль бўлганида, Габриел Жезуснинг финалда четлатилиши, ўша ўйинда Алиссон дарвозасига белгиланган пенальти ёки Венесуэлага қарши ўйиндаги бекор қилинган голлар бўлмасди.
Мессини нега четлатишди?
Албатта, корпоратив қасос ҳақида ҳам ўйлаб кўриш мумкин, аммо шу билан биргаликда, америкалик ҳакамларнинг майдонда шунчаки, қоровул бўлишни ёқтирмасликлари ҳам ҳақиқат. Улар камида Яго ролини ижро этадилар. Бир пайтлар Зиданни майдондан чиқариб юборган ҳакам ҳам аргентиналик эди, масалан.
Бир муддат парагвайлик Марио Диас де Вивар ўзини қандайдир ўйин эгаси бўлмаётгандек ҳис эта бошлади. Аслида у ўйин эгаси эмас, ҳеч ким ундай ҳисобламайди ҳам. Бу вазиятда нима қилиш керак? Ўзини кўрсатиб қўйиш! Рўпарадан Месси чиқиб қолдими? Ажаб бўпти.
Бразилия ҳақли чемпионми?
Албатта, Бразилия турнир бошидан фаворит сифатида эътироф этилганди. Неймарнинг йўқлиги Венесуэла ва Парагвай билан ўйинларда билинди. Аммо умуман олганда, Неймарнинг жароҳати Титега ёрдам берди ҳам. Жамоа мураббий гапларига қулоқ соладиган, тартибли бўлиб қолди.
Тўғри, Аргентина билан ўйинда рақиб пенальти тепиши ҳам мумкин эди. Лекин барибир Бразилия яхшироқ ўйнади.
Рақибнинг голларига қандай жавоб бериш мумкинлигини финалда ҳам кўрдик. Турнирда бошқа ҳеч қайси терма жамоа бу қадар кучли ва мувозанатли таркибга эга эмасди.
Бошқа даъвогарлар бормиди?
Нега энди? Вариантлар бор эди. Масалан, чорак финалларда қўшимча вақтлар бўлганида Уругвай Перуга гол уриб, якунда финалчи бўлиши мумкин эди. Уругвай эса, бразилияликлар учун энг хавфли рақиб саналарди ва бу ўйиннинг бўлмагани ҳам мезбонларга қўл келди.















