6 июл кунги ўйинлардан кейин Аргентина ва Канада ортидан Колумбия ва Уругвай ҳам Америка Кубоги яримфиналига чиқди.
Кам футбол, кўп фол
Уругвай – Бразилия 0:0. (Пеналтилар бўйича: 4:2)
Уругвай – Рочет, Оливера, Арауҳо (Ҳименес, 33), Виня (Касерес, 46), Валверде, де ла Крус (Бентанкур, 67), Угарте, Араухо, Пеллистри (Варела, 78), Нандес, Нунес (де Арраскаэта, 78).
Бразилия – Алиссон, Данило, Маркинйос, Милитао, Арана, Лукас Пакета (Дуглас Луис, 81), Бруно Гимараэс (Эванилсон, 87), Гомес (Перейра, 81), Рафиня (Савио, 82), Родриго (Мартинелли, 87), Эндрик.
Огоҳлантиришлар: Лукас Пакета (39), Угарте (51), де ла Крус (60), Гомес (64).
Четлатиш: Нандес (74).
Бразилия ва Уругвай – Копа Америка турнирининг финалдан олдинги финал мақомида эди. Аммо жамоалар турнир чоракфиналидаёқ тўқнаш келишди. Уругвай гуруҳ босқичини жуда кучли ўтказди ва 9 очко билан биринчи ўринни эгаллади, бразиллар ўйинида эса муаммолар кузатилди. Ўйиндан олдин яққол фаворит йўқ эди.
Бразилия устози Доривал Жуниор Уругвайга қарши ўйинда Винисиуснинг ёрдамига таяна олмасди. Вингер гуруҳ босқичида иккита сариқ карточка ишлагани туфайли ўйинни ўтказиб юборди. Шунинг учун ниҳоят Эндрик бошланғич таркибдан ўрин олди. 17 ёшли юлдуз – бразиллар таркибидаги ягона «тўққизлик». Винисиус йўқлиги муаммосини мураббий Родригони ҳужум учлигининг чап қанотига қўйиш орқали ҳал қилди. Бу унга «Сантос»да ўйнаган давридан буён қадрдон бўлган позиция ва ўтган мавсумнинг иккинчи қисмида Карло Анчелотти ҳам уни шу қанотда муваффақиятли ўйнатди. Аммо фарқи шундаки, ўша ўйинларнинг аксарида «Реал» фаворит эди, ҳозирги Бразилия эса бундай мақомга эга эмас. Айниқса Марсело Биелса бошқаруви даврида жуда яхши ўйнаётган Уругвай фонида. Унинг жамоаси ўзининг энг яхши ўйинларида ўз ўйинини намойиш этмоқда ва рақибга ўйнашга имкон бермаяпти.
Ўйиннинг биринчи бўлимида жамоалар футбол эмас, кўпроқ кураш намойиш этди. Бразилия ҳам, Уругвай ҳам мунтазам равишда рақибни тўхтатиш учун қоида бузди ва 45 дақиқа давомида жами 18 фол (13 таси уругвайликлар томонидан) қайд этилди. Шундай тўқнашувлардан бирида Рафиня «Барселона»даги Арауҳога ташланганида футболчилар ўртасида муштлашув бошланиб кетишига сал қолди.
Қизиқарли томони, бош ҳакам Дарио Эррера футболчиларни сариқ карточкалар билан тинчлантиришга уринмади. Биринчи огоҳлантириш фақат 39-дақиқага келиб берилди, Лукас Пакета Николас де ла Круснинг оёғига очиқчасига тепганди.
Доимий тўхталишлар ва кўп миқдордаги фоллардан ижодкор футболчилар азият чекди. Дастлабки ярим соатда Уругвай ҳам, Бразилия ҳам хавфли вазиятлар ярата олмади. Кейин эса уругвайликлар форварди Дарвин Нунес илк голли вазиятдан фойдалана олмади. Бразилия жарима майдонига узатмадан кейин у ёлғиз қолдирилганди, аммо унинг бош билан йўллаган зарбаси тўсин устидан ўтиб кетди. Бунга жавобан бразиллар ҳам ўз вазиятига эга бўлди. Рафиня Уругвай жарима майдонида тўп билан таъминланди, аммо дарвозабон Серхио Рочет жамоасини қутқарди. Кўп ўтмай бразиллар вингери яна шундай вазиятга эга бўлди – аммо яна фойдалана олмади.
















