5 июль куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири, таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига раислик қилувчи Абдулла Арипов иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилиш кун тартибида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019-2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги 4359-сонли қароридан келиб чиқадиган вазифалар ва республика олий таълим муассасаларига қабулни юқори даражада ташкил этиш, олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича меъёрий ҳужжатларни тасдиқлаш ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Давлат комиссиясининг 1-сонли баёнига кўра, 2018 йил ёзида абитуриент сифатида ҳужжат топшириб, Давлат тест маркази хатоси туфайли талабага айлана олмаган Даврон Турсунов ҳамда 2018 йил ёзида тест синовларидан ўтиб, лекин ДТМ хатоси туфайли бюджет асосида эмас, тўлов-контракт асосида талаба сифатида қабул қилинган Камола Ботированинг натижалари бекор қилиниб, уларнинг иккисига ҳам истисно тариқасида давлат гранти бўйича ўқиш ҳуқуқи берилган.

«Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий судининг 2019 йил 18 февралдаги 3-1004-1802/5950-сон маъмурий иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 13 августдаги 5-сон баёни қарори билан абитуриент Турсунов Даврон Улуғбек ўғлининг Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 5510108 - Даволаш иши (Жиззах) таълим йўналиши бўйича тасдиқланган тест синовлари натижалари бекор қилинсин, мазкур абитуриентнинг  тест синовлари бўйича натижаси 139,5 балл (давлат гранти бўйича ўтиш бали 138,8 балл) деб ҳисоблансин.

Бунда, абитуриент Турсунов Даврон Улуғбек ўғлига истисно тариқасида, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 5510108 — Даволаш иши (Жиззах) таълим йўналиши бўйича қўшимча давлат гранти асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилсин», дейилади баёнда.

Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясида контракт тўлови асосида таҳсил олаётган талаба Камола Ботирова давлат гранти асосида ўқишни давом эттирадиган бўлган.

«Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий судининг 2019 йил 23 апрелдаги 3-1004-1902/93б-сон маъмyрий иши бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан, Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2018 йил 17 августдаги 6-сон баёни қарори билан тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилган абитуриент Ботирова Камола Икром қизининг Тошкент тиббиёт академияси 5111003-Касб таълими: тиббий педагогик иш таълим йўналиши бўйича тест синовлари натижалари бекор қилинсин, мазкур абитуриент натижаси 177,5 балл (давлат гранти бўйича ўтиш балли 175,2 балл) деб ҳисоблансин.