Сўнгги пайтларда иқтисодчилар ва тадбиркорлар ўртасида давлатимизнинг иқтисодий сиёсатида импорт чекловларини қўллаш бўйича тортишувлар авж олмоқда. Бу баҳслар ижтимоий тармоқларга ҳам кўчиб, турлича популистик фикрлар илгари сурилмоқда. Бу эса ўз навбатида, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш муҳитига ўз таъсирини ўтказиши табиий, албатта.

Масала нимада?

Ишлаб чиқаришни эндигина йўлга қўйган тадбиркорлар импорт божларини ошириш орқали давлат томонидан ҳимоя чоралари қўлланишини сўрамоқда. Маълумки, иқтисодиёт назариясида

бу ҳолат протекционизм деб аталади ва бу жараёнда мамлакат ёки бир нечта мамлакатлардан иборат блоклар ўз иқтисодиётини ҳимоя қилиш мақсадида ташқи савдо операцияларига чекловлар (асосан импорт божлари) киритади.

Ҳозирги кунда, протекционизмнинг тарифлар, квоталар, субсидиялар, сертификатлаш, миллий маҳсулотлардан фойдаланиш талабларини жорий қилиш, маъмурий тўсиқлар, антидемпинг ва валюта курсларини бошқариш каби усуллари кенг қўлланади.

Мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиш жараёнлари секинлашган ҳолларда протекционизм сиёсатининг жозибадорлиги ошади. 2009 йилнинг иқтисодий кризиси охирги 30 йил ичида халқаро ташқи савдони либераллаштириш йўлида қилинган барча ишларни йўққа чиқарди. Айниқса, иқтисодий фаоллик пасайиши оқибатида давлат молиясининг кучсизлангани ҳолатида импорт божларини ошириш бюджет тақчиллигини камайтиришга қаратилган осон усуллардан ҳисобланади.

Тарих нима дейди?

АҚШда (1930 й.) Smoot-Hawley тарифларининг жорий қилиниши тарихда қўлланган энг катта протекционистик қадамлардан ҳисобланади. Бунда протекционизм тарафдорлари иқтисодиётнинг «гўдак» секторларини ҳимоя қилиш, маҳаллий иш ўринларини яратиш, миллий хавфсизлик билан боғлиқ секторларни сақлаб қолиш, истеъмолчиларни ҳимоя қилиш каби важлар билан қонун лойиҳасини оммага олиб чиқишган.

Шунда ўша даврнинг энг атоқли иқтисодчиларини ўз ичига олган 1028 нафар олимдан иборат жамоа