Юртимизда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб кетиши транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳаракат вақтида қуёш нуридан ҳимояланишга бўлган зарурати ва эҳтиёжини ҳар доимгидан-да кўпроқ оширди. Амалдаги қонунчиликка мувофиқ автомашина ойнасини қорайтириш учун белгиланган чеклов ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида фаол муҳокамаларга, аксарият ҳолатларда жиддий норозиликларга сабаб бўлмоқда. Долзарб мавзуга айланган ушбу масала бўйича ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр ва мулоҳазалар Kun.uz таҳририяти томонидан таҳлил қилинди.

Маълумки, ҳукуматнинг 2018 йил 18 июлдаги «Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 августдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали енгил автотранспорт воситаларидан пулли асосда фойдаланишга рухсат берилди.

Тўлов эса 1 йил муддатга:

  • жисмоний шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 90 баравари (18 245 700 сўм);
  • юридик шахслар учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 120 баравари (24 327 600 сўм);

Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатаётган хорижий давлатлар юридик шахслари учун — энг кам ойлик иш ҳақининг 140 баравари (28 382 200 сўм) миқдорида белгиланди.

Қарорни ўқий туриб, уни қабул қилишдан кўзланган асосий икки мақсадни кўриш мумкин.

Булар:

  • транспорт воситалари ҳайдовчилари учун қулай шароитлар яратиш;
  • республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар учун қулай шароитлар яратиш.

Бежизга тонировка учун рухсат беришнинг мақсадидан сўз очмадик. Эътибор берган бўлсангиз, гап «транспорт воситалари ҳайдовчилари» ва «республика ҳудудига ташриф буюрадиган туристлар»га қулайлик яратиш ҳақида кетмоқда. Масаланинг шу ерида қарордан кўзланган мақсад рухсатнома бериш учун белгиланган миқдор билан мувофиқ келмай қолади.

Чунки, Ўзбекистон шароитида ҳамма ҳайдовчилар ҳам бир йил ойнаси қорайтирилган машинада юриш учун 2000 АҚШ долларидан ортиқ маблағни сарфлаб юборишга қодир эмас.

Туристлар масаласига тўхталадиган бўлсак, тонировкага рухсат берилишининг айнан қайси жиҳати амалда туристлар учун шароитларни яхшилаши бироз мавҳум бўлиб қолмоқда.