Хитойнинг AutoFlight компанияси тик учиб-қўнадиган бешта электр учиш аппаратидан (eVTOL) иборат гуруҳни синовдан ўтказди. Унда битта беш тоннали ва тўртта икки тоннали машина иштирок этди. Намойиш парвозига аппаратларнинг уч хил модификацияси жалб қилинди. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бу дунёда ушбу турдаги бешта электр учиш аппаратининг бир вақтда амалга оширган илк гуруҳли парвози бўлди.
Синовлар Хитойнинг Куншан шаҳридаги Байлян кўли яқинида жойлашган AutoFlight компаниясининг парвоз синовлари базасида ўтказилди. Бешта аппарат 47 дақиқа давомида ўзаро мувофиқлаштирилган саф тартибини сақлаб учди. Етакчи V5000 Matrix аппарати шу вақт ичида 133 километрдан ортиқ масофани босиб ўтди. Компания бутун парвоз автоном режимда ўтганини ва учувчи ёки операторларнинг аралашувини талаб қилмаганини таъкидлади.
Гуруҳ таркибига битта беш тоннали V5000 Matrix ва V2000 оиласига мансуб тўртта икки тоннали аппарат кирди. Икки тоннали аппаратлар орасида юк ташувчи V2000CG CarryAll ҳамда унинг ёнғин ўчиришга ихтисослаштирилган V2000CGF CarryAll модификацияси бор эди.
Бир неча ҳаво кемасининг биргаликдаги парвозини ташкил этиш шунчаки бир йўналиш бўйлаб учишдан анча мураккаб. Ҳар бир аппарат тезлик ва баландликдаги ўзгаришларни, шамол шароитларини ҳамда бошқа машиналар ҳаракатининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда гуруҳдаги қолган аппаратларга нисбатан белгиланган жойлашувини сақлаши керак.
Гуруҳда конструкцияси ва вазн тоифаси турлича бўлган аппаратлар иштирок этса, вазифа янада мураккаблашади. Бошқарув тизимлари навигация, маълумот алмашинуви ва ҳаво кемалари ўртасидаги хавфсиз оралиқларни мувофиқлаштириши керак. Бунда бир аппаратнинг манёврлари бошқалари учун хавф туғдирмаслиги лозим.
AutoFlight маълумотларига кўра, намойиш парвози давомида кучли шамолга қарамай, гуруҳ барқарор саф тартибини ҳамда аппаратлар ўртасида горизонтал ва вертикал йўналишлардаги хавфсиз оралиқларни сақлаб қолган. Синовлар турли моделлар биргаликда ишлаганда йўналишларни режалаштириш, парвозни бошқариш, алоқа ва хавфсизликни таъминлаш тизимлари қандай ишлашини текшириш имконини берди.
Бу натижа 2026 йил май ойида ўтказилган тажрибанинг давоми бўлди. Ўшанда AutoFlight учта аппарат — битта V5000 Matrix ва V2000 оиласининг икки вакили иштирокида парвоз ташкил этган эди. Асосий эътибор турли вазн тоифаларидаги аппаратлар бошқарув тизимларининг ўзаро мослигини текширишга, жумладан, алоқа каналлари, йўналишларни режалаштириш ва парвозни мувофиқлаштиришга қаратилган.













