Бугун, 18 июль куни Халқ таълими вазирлигида Тошкент, Нукус, Наманган ва Хива шаҳарларидаги Президент мактабларига ўқувчиларни қабул қилишда ўтказилган саралаш имтиҳонлари натижалари ва асосий босқич имтиҳонлари жараёнлари тўғрисида маълумот бериш мақсадида, Cambridge assessment ва Халқ таълими вазирлиги вакиллари иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани бўлиб ўтмоқда.

Маълумки, Cambridge Assessment International Education (Буюк Британия) ташкилоти 29 июндан 2 июлга қадар Президент мактабларига саралаш имтиҳонларини ўтказган эди.
Саралаш имтиҳонларида иштирок этиш учун 28 452 нафар номзодлар рўйхатдан ўтди. Шундан 27 471 нафари имтиҳонда иштирок этишига рухсат берилди. 981 нафар ўқувчи ҳужжатдаги камчиликлари туфайли имтиҳон топширишга тавсия этилмади. Республиканинг 4 та ҳудудида, катта сиғимли иншоотларда ташкил этилган имтиҳонларда 27 119 нафар номзодлар қатнашди.
Cambridge Assessment International Education ташкилоти 16 июль куни саралаш босқичи натижаларини ўз веб-сайтида эълон қилди.
Тошкент шаҳри, Наманган ва Хоразм вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида талабгор ўқувчилар қуйидаги натижаларга эришишди (максимал балл - 96):


Саралаш имтиҳонлари натижаларига кўра бир хил балл тўплаш ҳолати юзага келганда, яъни бир нечта номзод бир хил умумий балл тўплаган вазиятда, афзаллик имтиҳонда “С” тоифасидаги саволларга кўпроқ балл йиққанларга, кейин эса “Б” тоифасидаги саволларга кўпроқ балл тўплаганларга берилди. Номзодлар барча тоифадаги саволлар бўйича бир хил умумий ва тенг балл тўплаган тақдирда, номзодларни туғилган санаси бўйича сараланади, бунда ёшроқ номзод афзал кўрилди.
Саралаш имтиҳони натижасига кўра, 11 520 нафар номзодлар 21-24 июль кунлари Наманган, Нукус, Хива ва Тошкент шаҳарларида ташкил этиладиган Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонларида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Номзодлар имтиҳоннинг асосий босқичида талабгорлар сони бир ўринга 20 нафардан ошмаган ҳолда иштирок этади.
Президент мактабларининг асосий қабул имтиҳонлари Cambridge Assessment International Education ташкилоти вакиллари томонидан ташкил этилади.















