Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадқиқот: Никоҳ қурувчиларнинг 42 фоизи тиббий кўрик аҳамияти ҳақида тасаввурга эга эмаслиги аниқланди
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда шу йилнинг ўтган даврида оила мустаҳкамлиги, ажримлар, эрта никоҳнинг олдини олиш борасида амалга оширилган бир қанча тадқиқотлар ҳақида маълумот берилди.
Марказнинг оилани демографик ривожлантириш бўлими бошлиғи Ботир Мавлоновнинг «Қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг сабаблари, оқибатлари, никоҳдан олдинги тиббий кўрик тизимини такомиллаштириш масалалари» тадқиқотида Ўзбекистон бўйича 2300дан зиёд респондент қатнашган.
«Иштирокчиларнинг 62 фоизи ота-онасининг талаби билан эрта оила қуришган. 56 фоизи қачон турмуш қуришни ёшларнинг ўзи ҳал қилиши керак, деган фикрни билдирди. Тадқиқот доирасида бор-йўғи 46 фоиз эрта никоҳланувчи бунинг ёмон оқибати ҳақида тасаввурга эга бўлгани аниқланди. Сўровнома қатнашчиларининг 63 фоизи келажакда фарзандининг эрта турмуш қуришига катъиян қаршилигини айтди», дейди тадқиқотчи.
Тадбирда қайд этилишича, эрта никоҳ қурган ёшларнинг асосий қисми келажакдаги режаларини ўзгартиришга мажбур бўлган. Улар таълим олиш, ишга кириш, ҳунар эгаллаш сингари мақсадларидан воз кечиши натижасида ижтимоий фаоллиги даражаси ҳам сусайиши каби ҳолатлар юзага чиққан.
Бундан ташқари, айрим эрта никоҳ қурувчиларнинг репродуктив соғлиги ёмонлашгани, натижада эса баъзи оилаларнинг фарзандсизлик туфайли ажрашиб кетаётгани ҳам қайд қилинган.
Ботир Мавлоновнинг фикрича, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг 70,7 фоизи ота-она ва бошқа яқинларининг таъсири остида қурилган. Қариндоши билан никоҳ қурганларнинг учдан бир қисми бу турмушга қаршилик қилган, 10 фоизи эса норози бўлишнинг фойдаси йўқ, деб ҳисоблаган. Ўз қариндоши билан оила ришталарини боғлаган 59,4 фоиз иштирокчининг ота-онаси ҳам қариндош бўлишган. Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий томони фақатгина ногирон болалар туғилиши эмас, балки, болалар ўртасида ўлим сонининг кўпайиши, болаларнинг иммунитети паст бўлиши кабиларда ҳам намоён бўляпти.
«Айрим оилавий анъаналаримиз баъзан оила келажаги ва мустаҳкамлиги учун хавфли саналади. Буни, қисқача, ота-оналарнинг ўзини ўйлаши, дея талқин қилишимиз мумкин. Масалан, Хоразмда бир гуруҳ ота-оналарга «Нега фарзандингиз қариндош билан турмуш қуришига рози бўлдингиз?», деган саволни берганимизда, улар мол-мулки бегона қўлларга ўтиб кетишини хоҳламасликларини таъкидлашди. Сўровномада иштирок этган 42 фоиз респондент тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслиги маълум бўлди. Бу масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришимиз зарурлигини англатади», дейди тадқиқотчи.
Мавзуга оид
10:51 / 20.03.2026
Энг бахтли мамлакатлар маълум қилинди
15:39 / 12.03.2026
Педагоглар учун ҳар йиллик мажбурий тиббий кўрик жорий этилиши мумкин
02:09 / 09.03.2026
Тадқиқот: ўсмирлар тобора камроқ ухламоқда
23:26 / 10.02.2026