Мамлакатда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш борасида талай амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, тез тиббий ёрдам тизимининг транспорт, барча тиббиёт муассасаларининг дори-дармон таъминоти сезиларли даражада таъминланди, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақи босқичма-босқич оширилмоқда, олий таълим муассасаларига мақсадли квоталар белгиланмоқда, деб ёзади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Комилжон Эрназаров.
Шу билан бирга, соҳада аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган, бугунги кунда ўз ечимини кутаётган кўплаб муаммо ва масалалар ҳам мавжудлиги ҳеч кимга сир эмас.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 7 декабрда “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, 2019 йил 1 июлга қадар “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиши белгиланган.
Ҳозирда ишлаб чиқилган “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамалари порталига жойлаштирилган.
Мажбурий суғурта деганда фуқароларнинг аксарияти кўз олдида пулни йиғиб олиб, суғурта ҳодисаси содир бўлганда мижозга маблағларни тўлаб бериш ўрнига, ҳужжатбозлик билан уни сарсон қилувчи, иложи борича пул тўламаслик пайида бўладиган хатти-ҳаракатлар манзараси гавдаланади.
Шу туфайли ҳам таклиф этилаётган мажбурий тиббий суғуртада аҳолидан мажбурий равишда пул йиғиладими, шундоқ ҳам ўз ечимини кутаётган масалалари мавжуд бўлган тиббиётимизни яна муаммолар гирдобига ғарқ қилиб қўймаймизми, бугунги кунда бунга тайёрмизми, деган кўплаб саволлар кўпчиликни ўйлантириши табиий.
Айни жиҳатдан келиб чиқиб, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасида “Мажбурий тиббий суғурта тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозаралар асосида муҳокама этилмоқда.
Таклиф этилаётган мажбурий тиббий суғурта тизимида аҳолидан умуман пул йиғилмайди, балки барча харажатлар ташкил этилаётган жамғарма ҳисобидан амалга оширилади. Жамғарманинг даромадлари манбаси сифатида давлат бюджети ҳамда аҳолининг соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулот (алкоголь, тамаки ва шу каби) ишлаб чиқарувчиларга қўшимча равишда тўловлар жорий қилиш таклифи илгари сурилмоқда. Жамғармадан маблағларни тўлаш тиббий хизматлар учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича «ҳар бир даволанган ҳолат» учун тўлаш тизимида ишлаш режалаштирилмоқда. Суғурталанган шахсларга аккредитациядан ўтган, у давлат ёки хусусий тиббиёт муассасаси бўлишидан қатъи назар, ўзи хоҳлаган муассасага мурожаат қилиш имконияти назарда тутилмоқда.















