Хабарларга кўра, тайинлов тўғрисидаги буйруқни олий таълим, фан ва инновациялар вазири имзолаган.
Саодат Носирова бунга қадар Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги Конфуций номидаги Ўзбек-Хитой институти директори лавозимида фаолият юритган.
Олийгоҳнинг аввалги раҳбари Гулчеҳра Рихсиева 2019 йил июн ойида, муассаса ҳали Тошкент давлат шарқшунослик институти мақомида бўлган пайтда ректор этиб тайинланган. Ўшанда у узоқ йиллар институтни бошқарган Абдураҳим Манноновнинг ўрнини эгаллаган эди.
Гулчеҳра Рихсиева 1971 йилда туғилган, 1993 йилда Тошкент давлат университетини тамомлаган. Ректорликка тайинланишидан олдин Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишлаган.
У раҳбарлик қилган даврда, 2020 йилда олийгоҳ Тошкент давлат шарқшунослик университети сифатида қайта ташкил этилган.
Янги тайинлов ҳақидаги хабарда Гулчеҳра Рихсиеванинг лавозимдан кетиш сабаби ёки кейинги иш фаолияти ҳақида маълумот келтирилмаган.








