Kun.uz сайти жамият, адабиёт, хусусан, ўзбек адабиёти масалаларига бағишланган туркум суҳбатлар лойиҳасини давом эттиради. Лойиҳамизнинг навбатдаги меҳмони истеъдодли шоир, моҳир таржимон ҳамда ислом ва тасаввуф таълимотини ўрганган олим Мирзо Кенжабек бўлди.

Мирзо Кенжабек билан суҳбатимиз бугунги ўзбек шеърияти, ижодкорнинг ижод йўлидаги бурилиш сабаблари, қонли Фарғона воқеалари, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган 1989 йил воқеалари, шунингдек, бошқа мавзуларда кечди.

- Шеър – давр овози. Унда одамлар қалбидаги ҳақиқатлар акс этиши керак. Шу маънода бугунги ўзбек жамияти ўзига хос эврилиш босқичида турибди, буни фикрлайдиган киши борки, яхши ҳис қиляпти. Саволим шундай, нега бугун шеъриятимизда мана шу давр руҳи акс этмаяпти? Наҳотки шеърият бугун ўз миссиясини унутган бўлса?

- Шеър ҳақиқатан ҳам давр овози. Лекин у бир даврдагина қолиб кетадиган овоз эмас. У яна олис замонларга ҳам борадиган овоз.

Шеъриятда давр овози акс этмоғи учун аввало муайян бир босқич, тиниқиш, даврнинг инқилоби, эврилиши нималардан иборат эканлигини англаш, уни қалбга сингдириш зарур бўлади.

Агар биз давр руҳини шеъриятда акс эттирмоқчи бўлсак, шошма-шошарликка йўл қўйишимиз ҳам мумкин.

Ўтган мустабид даврдаги каби адабиёт ва шеърият ноғора, ижодкор эса ноғорачига ўхшаб қолиши керак эмас.

Адабиёт ҳақида гапирганда фақат шеърият эмас, насрий ижод ҳақида ҳам тўхталиш лозим. 

Бир неча ой аввал Фанлар академияси томонидан Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Чингиз Айтматов ижодига бағишланган конференция ўтказилди.

Ўша тадбирда гапирилган гаплар фақат ўзбек минбарида эмас, балки жаҳон минбарларида гапириладиган гаплар бўлди. Масалан, академик Бахтиёр Назаров Чингиз Айтматов асарларидаги моҳият нақшбандия тариқатининг улуғ арбоби ҳазрати шайх Юсуф Ҳамадонийнинг ғояларига мувофиқ эканлигига далиллар келтирди.

Атоқли олим Иброҳим Ғофуров адиб ижодидаги оламшумул мавзулар ҳақида гапирди. Ёки Аҳмаджон Мелибоев Чингиз Айтматов ижодидаги уруш ва тинчлик мавзулари тўғрисида чиройли фикрларни билдирди.

Камина ҳам ўша тадбирда Чингиз Айтматов ижодидаги маърифий мавзулар ҳақида ўз қарашларини билдирди. Чиндан ҳам, адиб Қуръони Каримдаги баъзи оятларни ўқимаган бўлиши мумкин, аммо Чингиз оға ижодида ўша ояти карималарга мувофиқ келадиган баъзи сўзларни мисол келтириш мумкин.