Ўзбекистон | 15:57 / 25.07.2019
42382
3 дақиқада ўқилади

Нега кириш имтиҳонлари учун абитуриентлардан ўз билимидан юқори бўлган даража талаб қилиняпти? ДТМ изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

CEFR - чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги имтиҳон тартибига кўра,  ҳар бир даража учун алоҳида имтиҳон топшириш талаб этилади. Агар B2 даражаси учун топшириқларни бажарган одамнинг билими кутилган даражада бўлмаса,  сертификат ололмаслиги ҳам мумкин.

Ушбу ноқулайликни бартараф этиш йўллари ҳақида журналистлар томонидан берилган саволга Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида жавоб берилди. 

«Бу ҳолатда имтиҳон топширувчининг ҳақиқий даражаси аниқланмай қоляпти. Чунки B2 учун номзод B1 даражасини ҳам қўлга кирита олмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам мавжуд тизимни ўзгартириш учун алоҳида янги ва ўзига хос формат ишлаб чиқилди. Фақат унинг амалга тадқиқ қилиниши учун айнан CEFR сертификати бор талабгорларнинг камида 100 нафарига янги форматдаги имтиҳон топшириқларини бажартириб кўришимиз керак», дейди Давлат тест маркази чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи Сардор Ражабов. 

Бу борада ДТМ чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Инновацион маркази билан ҳамкорликда жорий йил шу олийгоҳнинг талабаси бўладиган ва CEFR сертификатига эга талабаларни янги услубдаги топшириқларининг экспериментига жалб қилмоқчи эканини маълум қилди. 

Агар бу синов муваффақиятли ўтса, С1 даражаси учун тест топширган номзод кутилган натижани кўрсата олмаса , B2 ёки  B1 даражасидаги сертификатни олиши мумкин бўлади.

Шунингдек, Давлат тест маркази Вазирлар Маҳкамасининг 124-сонли қарорида мактаб, коллеж-лицейни тугатаётган ўқувчилар  B1 ва ундан юқори даражага эга бўлиши кераклиги кўзда тутилгани, лекин нега чет тили биринчи фан бўлган абитуриентлардан B2 даражаси сўралиши ҳақидаги саволларга ҳам матбуот анжуманида жавоб берилди: 

«Бизнинг стандарт бўйича мактаб битирувчилари B2 даражага эга бўлишмайди. Лекин бу сертификат имтиёз бериш деганидир. Масалан, фан олимпиадалари қатнашчилари ҳам ўқувчи бўлса-да, B2 даражасидаги тестларни ишлайди. Бу ҳам шунга ўхшаш ҳолат. Агар барча ОТМларнинг кириш имтиҳонида B1 даражасидаги тестлар берилса, барибир абитуриентларнинг нечтадир тестда хато қилиш эҳтимоли бўлади. Ваҳоланки, улар билан солиштирганда сертификати бор болада шу фан йўналиши бўйича белгиланган бални тўлиқ қўлга киритиш имкони бўлади», дейди ДТМ чет тилини билиш ва эгаллаш даражасини баҳолаш бошқармаси бошлиғи.

Бундан ташқари, ДТМ мутасаддиларининг маълумотига кўра, жорий йилги кириш имтиҳонлари учун жами 180 мингдан ортиқ тест топшириқлари шакллантирилган. Бу нарса маълум муддат давом этадиган кириш имтиҳонларида бир абитуриентга тушган саволларнинг бошқа куни яна қайтарилмаслигига ёрдам беради.

Мавзуга оид