Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ҳудудида жойлашган Шойхўжа-2 массиви аҳлидан таҳририятимизга кетма-кет мурожаатлар келиб тушганидан сўнг вазиятни ўз жойига бориб ўргандик.

Маълум бўлишича, Қарши шаҳридаги аэропортга элтувчи марказий Буюк Турон кўчаси ёқасидаги аҳолининг уйлари бузилгач, уларнинг ўрнида кўп қаватли турар жойлар барпо этилган ва эвазига уларга мазкур ҳудуддан ер участкаси ажратиб берилган, иморат қуриш учун компенсация пуллари тўланган.

Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, кўчириш чоғида уларга шаҳар раҳбарлари томонидан тамомила бошқача ваъдалар берилганди. Чунончи, янги жойда барча зарур шароитлар ҳозирланиши айтилган. Бироқ, улар бу ерга кўчириб келинганидан буён ўтган уч йил мобайнида, электр, газ ва сув таъминотида қийинчиликларга бот-бот дуч келишмоқда.

Маҳаллага кирувчи тўртта йўлдан фақат биттасига шағал ётқизилган. Қолган йўллар тупроқлигича турибди, ёзнинг ҳозирги жазирама кунларида чанг тўзон кўтарилса, ёғинли фаслларда кўчалар кўлмак ва лойга тўлади.