Ҳар йили текширувлардан ўтиб турмаслик ушбу хавфли касаллик жуда кеч аниқланишига олиб келади.
Атеросклероз нима?
Қон томирлари (артериялар) тананинг барча қисмларига кислород ва озуқа моддалар етказиб беради. Баъзида томирларда ёғ тўпланишлари — тошмалар пайдо бўлади. Улар туфайли томирлар торайиб боради, қаттиқлашади, органларга қон ва кислород етказиб бериш қийинлашади. Атеросклероз касаллиги айнан шунинг ўзидир.

Атеросклероз қандай аниқланади?
Аксарият кишилар аломатлар кўриниш бермагани сабабли касалликдан бехабар бўлишади. Атеросклерозни илк босқичларда мустақил аниқлашнинг асло иложи йўқ. Ҳеч бўлмаганда йилда бир марта организмни тўлиқ текширувлардан ўтказиб турмаслик оқибатида касаллик оғир даражага етиши ва ёғ қатламлари қон айланишини тўсиб қўйгандагина ундан бохабар бўлиш мумкин.
Ўрта ва оғир даражадаги атеросклероз аломатлари айнан қайси томирлар зарар кўрганига қараб фарқланади. Шифокорларнинг сўзларига кўра, тез-тез учраб турувчи ушбу хасталик бирданига бир неча орган қон томирларига таъсир қилади.
Юрак қон томирларида
Кўкрак қафасида босим ва ноқулайликни сезиш мумкин. Оғриқ орқа томон, бўйин, елка, қўл ва тирсакларга ўтиши ҳам кўп кузатилади. Яна шунингдек нафас қисиши, аритмия (юрак уриши тезлашиши), уйқусизлик ва кучли чарчоқ ҳисси ҳам пайдо бўлади.
Бош мия томирларида
Асосий аломатлари — тўсатдан қотиб қолиш ёки қўл- оёқларда ҳолсизлик, нутқ чалкашиши, яъни, тушунарсиз гап-сўз, вақтинча кўриш қобилияти сустлашиши, бош айланиши, юрганда ноаниқ қадам ташлаш, кучли бош оғриғи, ҳушдан кетиш.
Қўл-оёқ томирларида
Организмнинг бу қисмларидаги артериялар қисқарса, асосан ҳаракат давомида оғриқ ва увишиш кузатилади.
Буйрак томирларида
Буйрак артерияларидаги ёғ тошмалари буйрак етишмовчилиги ривожланишига олиб келиши мумкин. Унинг асосий белгилари: кучсизлик, иштаҳа йўқолиши, кўнгил айниши, жуда тез ёки кам сийиш, қўл-оёқларда шиш, фикрни жамлаш билан муаммолар, тери қичишиши.








