Адлия вазирлигининг навбатдаги кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди. Адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги мажлис адлия органлари ва муассасалари томонидан қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш соҳасида 2019 йилнинг I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар, давлатимиз раҳбари томонидан адлия органлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган қатор фармон ва қарорларининг ҳисобот давридаги ижроси, вазирлик зиммасига юклатилган вазифаларнинг амалда таъминланаётганлик даражасини ўрганишга қаратилди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, видеоконференцалоқа шаклида ўтказилган тадбирда адлия органлари ва муассасаларининг барча даражадаги раҳбар ва масъул ходимлари иштирок этди.
Мажлисда Адлия вазири Русланбек Давлетов бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бўлган жойларда уй-жойлар бузилишларига эътиборни қаратди. Бу масалани ҳар бир адлия органи ходими алоҳида устувор вазифа сифатида ўзига белгилаб олиши зарурлиги таъкидланди.

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати
Адлия вазирининг сўзларига кўра, Адлия тизими бу муаммони кўлами бугунги кундагидек бўлишидан 3 ой олдин ўз таҳлилларини ва чораларини бошлаган эди. Хусусан, 2019 йилнинг май-июнь ойларида кўчмас мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича акцияси ўтказилди. Акция доирасида мурожаатларни кўриб чиқишда 874 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Натижада мулкдорларнинг манфаатларида 236 та тақдимнома, 100 та огоҳлантиришнома, судларга 360 та даъво аризалар киритилиб, 30,3 млрд сўм ундириб берилди. Бу натижалар албатта хамир учидан патир ёки денгиздан бир томчидек гап.
Мажлисда бутун тизимдаги ходимлар мазкур масалага жиддий ёндашиш, бу борадаги қонунбузилишларга қарши чора кўриш, Давлат раҳбарининг қонун устуворлигини таъминлаш юзасидан берилган топшириғини амалга ошириш ҳар бир адлия органининг энг асосий вазифаси эканлиги тушунтирилди.
Шунингдек, Русланбек Давлетов “Мулк дахлсизлигини таъминламасдан иқтисодий ривожланган давлатнинг ўзи йўқ бутун дунёда. Бу эса бизнинг қонунларимизда битилган энг олий нормалардан биридир ва барча муносабатлар тўлалигича тартибга солинган. Лекин амалда, ушбу тартиб ва қоидалар мутасаддиларнинг эсидан чиқиб кетди. Натижада, уй-жой масаласида қонун устуворлигига жиддий путур етди. Бу нима деган гап? Одамларни уйини бузиб, кўчага чиқариб қўйиб компенсация тўламаслик, ахир бу ваҳшийлик-ку. Бу ҳеч қандай қонунчиликка тўғри келмайди, бу ҳеч бир одамийлик тамойилига ҳам тўғри келмайди, бу Ўзбекистон тан олган халқаро ҳужжатларга ҳам тўғри келмайди!” дея ўз фикрларини билдирди.














