Kun.uz таҳририяти бугунги илм-фан, таълим, инновацион тадқиқотлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тадқиқотчилар билан суҳбатларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз биология фанлари доктори Бахтиёр Расулов бўлди. Б.Расулов ҳозирда ЎзРФА генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири сифатида фаолият юритади.

Суҳбатда бугунги илм-фан муаммолари, тадқиқотчилар учун яратилган шарт-шароитлар жаҳон тажрибаси билан таҳлил қилинган ва таклифлар билдирилган. Шунингдек, микроорганизмлар биотехнологиясида амалга оширилаётган ишлар, минерал ўғитдан афзаллиги исботланган биоўғитлар, нанобиотехнологик тадқиқотлар ҳақида билиб олишингиз мумкин.

— Сиз фаолият юритаётган илмий муассаса қачон ташкил этилган ва бугун бу ерда олиб борилаётган илмий ишланмалар нимага йўналтирилади?

— Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти 1992 йилда собиқ Ўрта Осиё фитопатология институти асосида ташкил этилган. Фанлар Академиясининг йирик институтларидан бири ҳисобланади. Институтда селекция, генетика, ўсимликлар физиологияси ва биохимияси, микробиология соҳалари бўйича илмий изланишлар олиб борилади. Бу илмий изланишларнинг асосий натижалари, фан йўналишларининг номидан маълумки, асосан, қишлоқ хўжалигига татбиқ қилинади. Бевосита ўз тадқиқот соҳам ҳақида гапирадиган бўлсам, лабораториямиз микроорганизмлар биотехнологияси деб номланади. Қишлоқ хўжалиги ва тиббиётда аҳамиятга эга бўлган микроорганизмлар, жумладан бактерияларни ва уларнинг маҳсулотларини (иккиламчи метаболитлари – полисахаридлар, оқсиллар, полипептидлар, антибиотик табиатли моддалар) ўрганадиган лаборатория ҳисобланади. Ўтган ўн йил давомида бир неча миллий ва халқаро лойиҳалар бажарилган. Масалан, минерал ўғитлар ўрнини босувчи биологик ўғитлар, биопрепаратлар, айрим органик бирикмалар – биополимерлар ўрганилиб амалиётга татбиқ этилган. Асосий илмий ҳамкорларимиз Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг физика-химия институти ва экология-география институти ва бошқа муассасалар ҳисобланади.

— Илмий тадқиқотлар, унга яратилган шароитлар, лабораториялар ҳолати қай даражада қониқарли тадқиқотчи учун?

— Афсуски, ҳозирда Ўзбекистон илм-фани учун хос бўлган муаммо бизнинг институтни ҳам четлаб ўтмаган. Ҳамма ерда бир хил муаммо: замонавий асбоб-ускуналар етишмайди ёки умуман йўқ. Саноқли илмий муассасаларда замонавий илм-фан билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Кўплаб институтларда бу жуда катта муаммо ҳисобланади.

Дунёда ҳозир илм-фан ва унга боғлиқ технологиялар жадаллик билан ривожланмоқда. Уларнинг асосида фундаментал фан ётади. Фундаментал фан ютуқлари амалий тадқиқотларга кўчади ва инновацион лойиҳа сифатида татбиқ этилиши ўрганилиб, якунланади.