Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 39-мактаб қаршисида 15 сентябр тонгида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Унда белгиланган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган она-болани Chery машинаси уриб юборди. Вилоят ЙҲХБ 16 сентябр куни ушбу ЙТҲ ҳақида маълумот берди. Унда таъкидланишича, «пиёдаларнинг соғлиғи яхшилангани учун уларга шифохонадан рухсат берилган». Ушбу хабардан сўнг бемор аёлнинг холаси таҳририятга мурожаат қилиб, жияни ҳозирда шифохонада эканлигини маълум қилди. Kun.uz мухбири шифохонага бориб, ҳолатни ўрганди.

ЙТҲдан кейин беморга уйига жавоб берилган

Йўл-транспорт ҳодисасидан сўнг аёл ва унинг ўғли Зангиота туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Бироқ кейинроқ фарзандини кузатувга олишиб, Тошкент вилояти Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг болалар нейрохирургия бўлимига юборишган. 

Аёл шу куни ўзини яхши ҳис қилмаганини, шунга қарамай, текширувлардан кейин уйига жавоб берилганини айтди. Уйига қайтганидан кейин унинг аҳволи яхшиланмаган. Кечаси иситмаси чиқиб, оғриқлари кучайган ва шифокор қўшниси унга тун давомида укол қилиб турган.

Воқеа содир бўлган куни беморни қабул қилган шифокор Файзуллахўжа Эшонхўжаев аёлни ўша пайтда стационарга ётқизиш учун асос топилмаганини билдирди.

«Маълумотнома бўйича, биринчи онага йўл-транспорт ҳодисаси ташхиси ва даҳан соҳаси, юз соҳалари ва оёқларидаги тизза соҳаларида лат ейиши, терида шилинган жароҳат, тепа жағининг мана, учта тиши травматик синиши ташхисини қўйдик. Мутахассислар маслаҳатлашилган ҳолда ташхис қўйдик. Бу тиш синиш енгил жароҳатга кирмайди. Бу аёлга шунақа ташхис қўйдик, ҳақиқатан ётиш ҳолати аниқланмади», — деди шифокор.

Бемор яна шифохонага қайтди

Беморнинг холаси 16 сентябр куни унинг аҳволи ёмонлашганини кўриб, тез ёрдам чақирган.

«Чоршанба куни эрталаб жиянимни кўргани уйига бордим. Борсам, аҳволи оғир эди. Йиғлаб ётибди, бошини кўтара олмаяпти. Тишлари синган, оёқлари ҳам оғриқли эди. Кейин мен дарров тез ёрдам чақирдим ва у билан шу ерга келдик. Рентгенга туширди», деди. «Қани, рентген қоғозини бизга кўрсатинглар, бир кун олдинги рентгенни кўрсатинг», десам, аввал кўрсатишмади. Кейин компютерда кўрсатди. «Рентгенда ҳамма ҳолати яхши, сотресенияси йўқ», деб айтишди», — дейди беморнинг холаси.