Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги йирик лойиҳаларнинг бориши юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда автомобил йўллари инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Ўтган ойда қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган Тошкент – Самарқанд пулли автомобил йўли қурилишига старт берилди. Урганч ва Хива шаҳарларини боғловчи илк пулли йўл ишга туширилди.
Тақдимотда Тошкент – Самарқанд лойиҳасининг кейинги босқичларини молиялаштириш, Тошкент – Андижон ва Тошкент – Бўстонлиқ пулли йўллари бўйича инвесторларни аниқлаш ҳамда амалий ишларни бошлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Темир йўл тармоғининг ўтказувчанлигини ошириш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Бугунги кунда асосий транзит йўналишларидаги қатор темир йўл участкалари юқори юклама билан ишламоқда. Саноат юклари ҳажмининг ортиши ва янги юқори тезликдаги поездлар қатновининг йўлга қўйилиши мавжуд инфратузилмага талабни янада оширади.
Шу боис, Мактаарал – Сирдарё, Ангрен – Поп, Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон, Тошкент – Самарқанд ва Тўқимачи – Ангрен йўналишларини модернизация қилиш чоралари кўриб чиқилди. Ушбу ишларга 200 миллион доллар йўналтириш ҳисобига участкаларнинг ўтказувчанлигини 25-30 фоизга ошириш мумкинлиги қайд этилди.
“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги темир йўл барпо этиш, ҳудудлардаги темир йўл тармоқларини кенгайтириш ва электрлаштириш лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. Юк вагонлари паркини янгилаш, мазкур жараёнга хусусий секторни кенг жалб қилиш таклифлари ҳам муҳокама қилинди.

Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва денгиз портлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди.













