Kun.uz сайтида жорий йилнинг 22 июль куни «Навоийлик ҳунарманд: Вилоятдаги бюрократик тўсиқлардан тўйдим» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақолада навоийлик ҳунарманд Жаҳонгир Иргашевнинг фаолиятида дуч келаётган муаммолари ёритилган эди.

«Тол новдаларидан буюм ясаш билан шуғулланаман. 25-мактаб интернатида имконияти чекланган тарбияланувчиларга ҳам ўз ҳунаримни ўргатиб келмоқдаман. Аммо хом ашё доим муаммо бўлгани учун ер олиб «Америка толи»ни ўзим етиштиришни мақсад қилдим. Жуда кўп оворагарчиликлар бўлди. Ташаббусимни ҳеч ким қўллаб-қувватламади. Анча сарсон бўлганимдан кейин Кармана туманидаги Навоий давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудуддан ижара асосида уч гектар ер ажратишди. Зарафшон дарёси қирғоғига яқин ҳудуддан. Шу ерни олишга мажбур бўлдим. Кейин маблағ масаласидан ҳам анча қийналдим. Банкдан маблағ ажратилиши ҳам осон бўлмади. Дарё бўйида «Америка толи»ни экдим. Аммо муаммолар жуда кўп. Навоий давлат ўрмон хўжалиги билан тузган шартномамиз ҳам мукаммал эмас. Пудратчининг манфаатларига кўп томонлама зид. Буларнинг ҳаммаси ҳунарманд учун бюрократик тўсиқлар. Шу туфайли ҳозир фаолиятим ҳам боши берк кўчага кириб қолди. Ҳунармандни вилоятда ҳеч ким қўллаб-қувватламайди», – дея ўз эътирозларини баён этганди биз билан суҳбатда Ж.Иргашев.

Ҳунарманднинг мурожаатини ўрганиш давомида тегишли ташкилотлар мутасаддилари ҳунармандга амалий ёрдам беришга ваъда беришганди.

Ушбу танқидий мақолада келтирилган важлар юзасидан олиб борилган чора-тадбирлар ҳақида Kun.uz таҳририятига Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси ва Навоий давлат ўрмон хўжалиги томонидан маълумот тақдим этилди.

«Навоий давлат Ўрмон хўжалиги жорий йилнинг 22 июль куни Kun.uz сайтида эълон қилинган «Навоийлик ҳунарманд: «Вилоятдаги бюрократик тўсиқлардан тўйдим» сарлавҳаси остидаги мақола билан танишиб чиқди.

Мақолада кўрсатилган муаммо ва эътирозларни ўрганиб чиқиш мақсадида Навоий вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси ҳамда Навоий давлат ўрмон хўжалиги мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Шу куннинг ўзида ишчи гуруҳ мурожаатномада кўрсатилган ер майдонига бориб ҳунарманд Ж.Иргашев фаолияти ва у билан боғлиқ муаммоларини ўрганиб чиқди.