Каплуновнинг ғойиб бўлиши
«Украинская правда» нашрининг ёзишича, можаро «Россия кўнгиллилар корпуси» Украина бўлинмаси командири ўринбосари Степан Каплуновнинг ғойиб бўлиши фонида бошланган. У 23 август куни Киевдаги ҳовлисидан номаълум шахслар томонидан олиб кетилади. Мазкур ҳолат ҳуқуқий жиҳатдан жиддий саволларни юзага келтирган, чунки жараён ҳеч қандай процессуал доираларсиз амалга оширилган: ушлаб туриш баённомаси тузилмаган, адвокат ва таржимон иштироки таъминланмаган ва гумондорнинг ўзига расмий айблов қўйилмаган. Бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида Каплуновнинг сафдошлари ва адвокатига унинг ҳолати ҳақида аниқ маълумот берилмаган. «Россия кўнгиллилар корпуси» (РДК) штаб бошлиғи Александр Фортуна ҳам қатор кучишлатар идораларга расмий сўровлар юборгани, аммо ҳеч биридан аниқ жавоб ололмаганини маълум қилган. Кейинчалик ҳибсдан озод этилган Каплунов Радио NV нашрига беган интервюсида вазиятни қуйидагича изоҳлаган.
«Мени ерга ётқизишди, қўлларимга кишан тақишди. Умуман олганда, тергов ҳаракатлари ва ҳибсга олиш жараёнлари қандай бўлишини озми-кўпми тушунаман. Одатда гумонланувчига қайси моддалар бўйича қандай айблов қўйилгани айтилади. Бу ерда эса мени шунчаки қора BMW автомобилига тиқишди. Очиғини айтганда, бу ўғирлаш эди. Шундан сўнг қўлларимни кишанлаган, кўзларим скотч билан боғланган ҳолда олиб боришди. Менимча, бу қандайдир махсус режимдаги объект ёки, бошқача айтганда, яширин қамоқхона бўлган. У ерда мени камерага жойлаштиришди, қўлларимни кишан ва занжир билан боғлашди. Бир неча сутка давомида кўзларим ҳам доим ёпиқ ҳолда бўлди», дея таъкидлаган у
Кейинчалик Украина Хавфсизлик хизматидаги (СБУ) манбалар Каплунов Россия Федерал Хавфсизлик хизмати билан эҳтимолий алоқаларда гумонланиб олиб кетилганини билдирган.

Шумский кўчасидаги отишма
1 сентябрдан 2 сентябрга ўтар кечаси Украина Хавфсизлик хизматининг тезкор-тергов гуруҳи тинтув ўтказиш учун Степан Каплуновни яширинча ўз квартирасига олиб келади. Қандайдир тарзда бу ҳақидаги маълумот Бош разведка бошқармаси (ГУР) ихтиёрига етиб боради. Каплуновнинг ушлаб турилишини «ўғрилик» сифатида баҳолаётган ГУР ходимлари ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ҳарбийлари тезлик билан бу ерга келишади. Дастлаб ўзаро келишувга эришилган бўлса-да, кейинчалик вазият назоратдан чиқиб кетади. 2 сентябр тонгида юз берган отишма натижасида камида уч нафар Разведка бошқармаси ходими яраланган. Уларнинг икки нафарининг аҳволи оғир экани айтиляпти. Отишма сабабли полиция яқин атрофдаги бир нечта кўчани ёпган. Воқеа жойидан олинган суратларда ярадорлар ва ердаги қон доғларини кўриш мумкин.







