Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг мулк ҳуқуқи кафолатланишини сўзсиз таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.
3 август куни имзоланган фармойишга кўра, 2019 йил 5 августдан бошлаб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ер участкаларини олиб қўйиш ҳамда кўчмас мулк объектларини бузиш ишлари қуйидагича 3 босқичда амалга оширилади:
– ҳокимлар томонидан бузилиши режалаштирилган ҳудуд бўйича материаллар тўплами Вазирлар Маҳкамасига киритилади;
– Вазирлар Маҳкамасида шаҳарсозлик талаблари бўйича ва молиявий ҳисоб-китоблар бўйича хулосалар тайёрланади;
– хулоса Бош вазирга кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш учун киритилади.
Шунингдек, Фармойиш билан:
– ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарар миқдорини хатловдан ўтказиш бўйича республика мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳи ва ҳудудий ишчи гуруҳлар таркиби;
– хатловдан ўтказишга кўмаклашиш учун ҳудудларга бириктириладиган масъуллар рўйхати;
– хатловдан ўтказиш ҳамда уларни қоплашда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
Хатловдан ўтказиш бўйича ишчи гуруҳга:
– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарларни жойларга чиққан ҳолда хатловдан ўтказиб, уларнинг қонунчиликка мувофиқ бозор қиймати асосида ҳаққоний ва адолатли миқдорини белгилаш;
– етказилган зарарларни қоплашнинг аниқ манбалари белгиланиш, агар зарар мансабдор шахснинг ноқонуний қарори қабул қилиниши оқибатида етказилган бўлса – мазкур мансабдор шахслардан регресс тартибида ундириб олиш;
– айбдор мансабдор шахсларга жавобгарлик чоралари кўриш ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларини янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқилиш вазифаси топширилди.
Ҳукумат томонидан бир ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи қарор қабул қилинади:
– давлат дастурлари, йирик инвестиция ва бошқа лойиҳаларни ҳудуддаги кўпчилик аҳолининг фикрини инобатга олган ҳолда амалга ошириш;
– ер участкалари олиб қўйилишида уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари билан очиқ муҳокамалар ўтказган ҳолда, биринчи навбатда, эскирган ва авария ҳолатидаги уй-жой фонди объектлари, шу жумладан фойдаланилмаётган объектлар билан банд бўлган ер участкаларини танлаб олиш;















